2025 йилнинг ўтган даври мобайнида Ўзбекистон ҳудудида 13 минг 701 нафар ҳайдовчи автомобилини маст ҳолда бошқарган. Бу ҳақда 13 июнь куни Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати масъуллари томонидан ташкил этилган пресс-турда маълум қилинди.

Тадбирда таъкидланишича, 2025 йилнинг ўтган даври мобайнида ҳайдовчилар томонидан 855 минг 918 та қўпол турдаги қоидабузарликлар содир этилган. Шундан 125 минг 569 та ҳолатда ҳайдовчилар қарама-қарши бўлакда ҳаракатланиш ҳуқуқбузарлигини содир этган бўлса, 209 минг 374 та ҳолатда улар тегишли ҳужжатларсиз автомашина бошқаришда айбланган.

Шунингдек, 13 минг 701 нафар ҳайдовчи маст ҳолда автомашина бошқарган бўлиб, ҳар бир ҳайдовчи БҲМнинг 40 баравари миқдорида жаримага тортилган, 3 йилгача бўлган муддатга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилган. 155 та “йўл безорилиги” ҳуқуқбузарлигини содир этганларга ҳам ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этиш жазолари қўлланилган, дейилади масъуллар берган маълумотда.
Аниқланишича, йил бошидан шу кунга қадар 64 та ҳолатда ЙПХ ходимига пора беришга уриниш ҳолати рўй берган. Ҳуқуқбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг 211-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилган.
Изоҳ (0)