Россия Мудофаа вазирлиги 26 июнь куни Донецк вилоятидаги Шевченково қишлоғи қўлга олинганини маълум қилди. Бу маълумотни Украина ҳарбий идораси билан боғлиқ DeepState OSINT лойиҳаси харитаси ҳам тасдиқлади. Франциянинг ЛеFigaro газетасининг таъкидлашича, бу ҳудудда 1982 йилда топилган йирик литий кони жойлашган.

Украина Миллий фанлар академияси маълумотларига кўра, кон майдони 40 гектарга яқинни ташкил этади. Унда 90 фоиздан ортиқ юқори минераллашган сподумен мавжуд бўлиб, ушбу минералдан катта сармояларсиз литий ажратиб олиш мумкин.
Бундан ташқари, ушбу ҳудудда тантал, ниобий, бериллий, цезий ва рубидий захиралари ҳам бор. Аккумулятор ва электроника хом ашёсига бўлган жаҳон талабининг ўсиши шароитида Шевченково кони стратегик аҳамиятга эга ҳисобланади.
Бундан аввал Россия армияси Запорожье вилоятидаги Крутая Балка кони устидан назорат ўрнатган эди. Шундай қилиб ҳозирда Москва Украинанинг тўртта маълум литий конидан иккитасини назорат қилмоқда. Қолган иккитаси — Добра ва Полоховское — Кировоград вилоятида жойлашган. Бироқ у ердаги петалитдан литий ажратиб олиш қимматроққа тушади.
Украинадаги литийнинг умумий захиралари 1991 йилги баҳолашга кўра, тахминан 500 минг тоннани ташкил этади. Аммо уруш бошлангунига қадар конларнинг бирортаси ҳам саноат миқёсида ўзлаштирилмаган.
Апрель ойида Украина ва АҚШ фойдали қазилмаларни биргаликда қазиб олиш учун инвестиция жамғармасини ташкил этиш тўғрисида битим имзолади. Ҳужжат Дональд Трамп ҳокимиятга келганидан кейин, январь ойидан бошлаб муҳокама қилинган. Олинган даромадларни мамлакатни тиклаш ва янги лойиҳаларга йўналтириш режалаштирилмоқда.
Июнь ойида Украина ҳукумати хусусий компанияларга Добра конини ўзлаштиришга рухсат бериш жараёнини бошлашни маъқуллади.
Неw Ёрк Times газетасининг ёзишича, эҳтимолий сармоядорлардан бири 81 ёшли миллиардер Роналд Лаудер бўлиши мумкин - у Трампнинг яқин дўсти ва Жаҳон Европа конгресси раҳбаридир.
Изоҳ (0)