Фарғона вилоятига қўшимча 24 дона Yutong автобуси олиб келинди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Фарғона вилоятида аҳолига кўрсатилаётган транспорт хизматлари сифатини янада ошириш, йўловчиларга қўшимча қулайликлар яратиш, шаҳар жамоат транспорти тизимини такомиллаштириш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
Ҳудудда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи корхоналар ҳаракат таркибини янгилаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, “Фарғонаавтотранс хизмат” МЧЖ томонидан Хитой давлатидан яна қўшимча 24 дона Yutong автобуслари харид қилинди.
Мазкур автобуслар тез орада Фарғона шаҳри автобус йўналишларида брутто-шартнома асосида аҳолига хизмат кўрсатишни бошлайди.
Бугунги кунда Фарғона шаҳридаги 6 та йўналишда 72 та автобус брутто-шартнома асосида аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда.
Сўнгги ойларда ҳудудларга олиб келинган автобуслар
Май ойида Бухорога Хитойдан 24 дона Zhongtong автобуси харид қилинди. Яна 12 та шундай автобус июнь якунига қадар етиб келади. Урганч шаҳрига Хитойдан 30 дона Зонг Тонг русумли замонавий автобус олиб келинди. Март ойида Хитойнинг Zhongtong Бус компаниясида ишлаб чиқарилган 30 та замонавий автобус Наманганга етиб келди. Ангренга 15 та Yutong автобуси олиб келинди.
Транспорт вазири ўринбосари Илҳомжон Абдугафаров Хитойнинг Экспорт-импорт банки бошқарув раиси Чен Хуайюй бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашган эди. Томонлар 200 та электробус сотиб олиш бўйича қарз шартномасини келишиш ва имзолашни тезлаштириш масаласи муҳокама қилинган. Шунингдек, қўшимча 1000 та автобус сотиб олиш бўйича лойиҳа юзасидан ҳам фикр алмашилган.
Бундан ташқари, Хитой компанияси Қорақалпоғистон жамоат транспорти инфратузилмасини модернизация қилишда иштирок этишни режалаштирмоқда.
Изоҳ (0)