Кореяликлар Ўзбекистондан олтита зотдор хизмат итларини сотиб олди. Бу ҳақда 18 июль куни Божхона қўмитаси хабар берди.

Ўзбекистон лабрадор зотига мансуб олтита хизмат итини Тошкент халқаро аэропорти орқали Кореяга юборди. Дастлаб ҳайвонлар тегишли ветеринария диагностика ва кўриклардан муваффақиятли ўтказилган. Халқаро ташиш учун зарур бўлган ҳужжатлари расмийлаштирилган.
-BMaK8tx7.avif)
“Бугун Жесси, Белла, Фарона, Рада, Файз, Фариз лақабли хизмат итларини кореялик божхоначилар қабул қилиб олишди ва иқлимга мослашиш жараёнлари якунига етгач, хизматга сафарбар қилинади”, дейилади хабарда.
Итлар Миллий кинология марказида етиштирилиб, гиёҳвандликка қарши курашиш йўналишида тайёрланган. Ҳозирда бу тоифадаги жонзотлар халқаро аэропорт ва денгиз портларида юқори самарадорлик кўрсатмоқда.
-Pl132UfU.avif)
“Миллий кинология маркази юқори тоифали хизмат итларини тайёрлаш ва хорижий ҳамкорларга етказиш бўйича экспорт салоҳиятини муттасил оширмоқда”, дея қайд этган қўмита.
Бугунги кунгача марказ томонидан Кореяга экспорт қилинган хизмат итлари сони 12 тага етган.
Изоҳ (0)