Техас марказий ҳудудида кучли сув тошқини юз берди. Қурбонлар бор. Axios хабарига кўра, фалокат ҳозирга қадар камида 51 нафар америкаликнинг ҳаётига зомин бўлган. Улар орасида қизлар оромгоҳи тарбияланувчилари ҳам бор.
Нималар маълум?
Сув тошқини 4 июль эрталаб Гуадалупе дарёси бўйида, Сан-Антониодан 100 км шимоли-ғарбда бошланган. Кучли ёмғир сабаб сув дарё қирғоқларидан чиқиб, оромгоҳлар, йўллар ва уйларни босган. Фалокатдан энг кўп зарарни Керр, Травис, Бурнет ва Кендалл округлари кўрган.
Керр округида жойлашган Mystic хусусий оромгоҳи ҳудудидан 43 жасад топилган. Уларнинг 12 нафари катталар, 5 нафари болалар бўлиб, ҳозирча шахси аниқланмаган. Фожиа вақти оромгоҳда бўлган 27 нафар қиз йўқолганлар рўйхатида.
Қўшни округларда яна 8 нафар қурбон тасдиқланган. Ҳалок бўлганлар орасида Mystic оромгоҳи директори Дик Истленд ва 8–9 ёшли қизлар бор: Лила Боннер, Жейни Хант, Сара Марш.
“Жасадлар солинган кўплаб халталарни ўз кўзим билан кўрдим. Бу юракни эзади”, деди Керр округи судьяси Роб Келли.
АҚШ Ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэм эрта огоҳлантириш тизимини замонавийлаштиришга ваъда берди.
“Қутқарув ишлари давом этмоқда. Қидирув гуруҳлари итлар, дронлар ва вертолётлардан фойдаланяпти. Ёмғир тўхтамаяпти, баъзи ҳудудларда сув сатҳи ошишда давом этади”, деган у.
Техасда сув сатҳи атиги 45 дақиқа ичида 8 метрга кўтарилиб, йўлларни ва тез ёрдам машиналарини ҳам оқизиб кетган. Айрим жойларда сув баландлиги 9 метрга етган.
Изоҳ (0)