АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти федерал бюджетдан қўшимча таълим дастурлари учун 6 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратишни тўхтатиб қўйди. Бу ҳақда таълим вазирлигининг тушунтириш хатига асосланиб ABC News телеканали хабар берди.

“Вазирлик 1 июлгача ушбу дастурларига маблағ ажратишни мажбурий қиладиган грант тақсимоти ҳақидаги хабарномани чиқармайди. Вазирлик ҳамон солиқ тўловчилар маблағларининг президент устуворликларига мувофиқ сарфланишини таъминлашга интилмоқда”, дейилади ҳужжатда.
Таъкидланишича, қисқартиришлар мактабдан ташқари машғулотлар, ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш, инглиз тилини ўрганиш дастурларига ҳам таъсир қилади.
АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг таълим ва меҳнат масалалари бўйича қўмитаси аъзоси Бобби Скотт (Виржиния штатидан демократ) бу қарорни “ўқувчилар, ўқитувчилар ва мактабларга зарар етказадиган” федерал қонунчиликни бузиш деб атади. Унинг сўзларига кўра, маблағ етишмовчилигини бошдан кечираётган таълим муассасалари “ходимларни ишдан бўшатишга ёки дастурлар ва хизматларни қисқартиришга мажбур бўлади”.
Телеканалнинг яна бир манбасининг таъкидлашича, штатлар бош прокурорлари АҚШ маъмуриятини молиялаштиришни қисқартириш қарори учун судга бермоқчи.
1979 йилда АҚШ Конгресси томонидан таъсис этилган Таълим вазирлиги федерал бюджетдан давлат мактабларини молиялаштиришни назорат қилади ва ўқиш учун кредитлар бериш масалалари билан шуғулланади, шунингдек, олий ўқув юртларининг кам таъминланган талабаларига ёрдам дастурларини амалга оширади. Трамп ва республикачилар идорани “ёшлар орасида ирқий, жинсий ва сиёсий характердаги номақбул материалларни тарғиб қилишда” айблаган. Илгари ўз ходимларининг ярмини қисқартирмоқчи бўлган Таълим вазирлиги фаолиятини бутунлай тўхтатиш учун Конгресс томонидан тегишли қонун лойиҳасининг маъқулланиши талаб этилади.
Трамп 20 март куни Америка Таълим вазирлигини ташкил этилганидан 45 йилдан ортиқ вақт ўтгач, уни тарқатиб юбориш жараёнини бошлаш тўғрисидаги фармонни имзолаганди.
Май ойида Массачусетс федерал округ суди АҚШ президенти Дональд Трампнинг Таълим вазирлигини тарқатиб юбориш тўғрисидаги фармонини тўхтатиб қўйди ва оммавий қисқартиришлар доирасида ишдан бўшатилган ходимларни қайта тиклашни буюрди.
Изоҳ (0)