Жорий йил 9 июнь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон—Америка бизнес форуми ўтказилди. Бу ҳақда “Дарё” мухбири хабар бермоқда.

Бизнес форум Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Америка—Ўзбекистон Савдо палатаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирни очиб бериш учун сўзга чиққан бош вазир биринчи ўринбосари Жамшид Хўжаев нега айнан Ўзбекистонга сармоя киритиш кераклиги ҳақида гапирди.

“Биринчидан, бизда инвесторлар ҳуқуқлари қонун билан кафолатланган. Янги бизнес субъектларини рўйхатдан ўтказиш соддалаштирилган. Ер майдонлари онлайн-аукцион орқали тақдим этилади. Ўзбекистон иқтисодиёти сўнгги йилларда деярли икки баравар ўсди. Ўтган йилда ўсиш суръати 6,5 фоиз бўлди. Олти миллиард доллардан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинди”, деди ҳукумат расмийси.
Бош вазир ўринбосарига кўра, барқарор иқтисодий ўсиш таъминланаётгани, малакали ва ёш ишчи кучи мавжудлиги, мамлакат табиий ресурсларга бойлиги ҳам инвестиция учун муҳим омиллар ҳисобланади.
Форумда Ўзбекистон томонидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов, Сенат раиси биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳам иштирок этди.

“Бир неча йил олдин Америка—Ўзбекистон Савдо палатаси ташкил этилган эди. Ўшанда биз Вашингтонда бор-йўғи 13 та АҚШ компаниясини йиға билганмиз. Бугун мана 80 дан ортиқ Америка компаниялари Ўзбекистонга келди. Улар мамлакат салоҳиятини кўрсатиб бермоқда. Бир неча ҳужжатларга қўл қўйилди. Жумладан, информацион технологиялар, тоғ-металлургия, фармацевтика, энергетика ва таълим соҳаларидаги лойиҳалар амалга оширилади”, дейди Содиқ Сафоев.

2024 йил якунларига кўра, Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги савдо айланмаси 15 фоизга ўсиб, 881,7 миллион долларга етган. Америкадан жалб этилган тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми 612,6 миллион долларни ташкил этган.
Бугунги кунда Ўзбекистонда АҚШ капитали иштирокидаги 314 та корхона фаолият юритмоқда. Шундан 167 таси тўлиқ АҚШга тегишли компаниялар ҳисобланади.

Тадбирда икки давлат ишбилармонлар ва давлат сектори вакилларидан иборат 150 дан ортиқ иштирокчи қатнашди. Улар орасида ишлаб чиқариш, рақамлаштириш, қишлоқ хўжалиги, энергетика, молия ва соғлиқни сақлаш соҳаларида фаолият юритувчи етакчи америка компаниялари ҳам бор. Boeing, Visa, Coca-Cola, Medtronic, John Deere, CNH, Morgan Stanley,, NASDAQ, Abbott шулар жумласидан.
Изоҳ (0)