Қорақалпоғистонда таълим соҳасида порахўрлик ортидан уч кишига жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинганди. Ҳолат юзасидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги муносабат билдирди.

Келтирилишича, 2024 йил январдан бошлаб мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотларининг педагог кадрлари аттестацияси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ўтказиб келинмоқда.
Малака (тест) синовларини (шунингдек, касбий сертификатлаш, менежерлик сертификати синовларини ҳам) шаффоф, адолатли, холис ўтказиш мақсадида ҳар иккала босқич ҳам компьютерда реал вақт режимида (онлайн), FaceID — юзни таниб олиш орқали ўтказилади.
Қайд этилишича, айрим педагоглар томонидан турли қинғир йўллар билан тоифа олишга уриниш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Ўтган малака синовларида турли тақиқланган воситалар, хусусан алоқа воситаларидан фойдаланиш ҳолати бўйича 200 дан ортиқ номзодлар синовлардан четлаштирилган.
Хусусан, жорий йилдаги синовларда республика бўйича жами 79 нафар, шу жумладан 68 нафари алоқа қурилмаларидан фойдалангани сабабли жараёндан четлаштирилди.
Айримлар эса, фирибгарлик йўли билан тестдан ўтказиб қўйишни ваъда қилиб, педагоглар ишончига кирмоқда, улардан пул олиб жиноятга қўл уриш ҳолатлари ҳам учраяпти.
Ушбу ҳолатларни бартараф этиш, ҳар қандай турдаги қоидабузарликларни олдини олиш мақсадида, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тегишли органлар, хусусан Бош прокуратура билан ҳамкорликда ишлар олиб бормоқда. Аниқланган ҳолатлар бўйича ҳуқуқий баҳо бериш учун барча маълумотлар тергов органларига етказилмоқда.
Нукус шаҳридаги умумтаълим мактаби ўқитувчиси мазкур мактаб директори ўринбосарининг топшириғига асосан, касбий сертификат олиш бўйича синовларидан ўтказиб бериш эвазига Чимбой туманида ишловчи ҳамкасбидан 1000 доллар олган вақтида ДХХ ва ИЖҚКД ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланганди.
Терговга қадар текширув давомида аниқланишича, директор ўринбосари 100 нафардан ортиқ ўқитувчини давлат аттестациясидан ўтказиб бериш эвазига ҳар биридан 1000-1500 АҚШ доллари миқдорида пул олиб, бу ҳақда ўзининг шахсий блокнотлари ва қоғозларда акс эттириб келган.
Шунингдек, ушбу ноқонуний ишга Қорақалпоғистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Педагогларнинг билим ва малакасини баҳолашни ташкил этиш шўбаси бош методисти ҳам алоқадорлиги аниқланиб, у ўқитувчилардан давлат аттестациясидан ўтказишга ёрдам бериш эвазига йиғилган 10 450 долларни ихтиёрий равишда топширган.
Шу билан бирга, ўқитувчиларни шахсий кўрикдан ўтказмасдан, тест жараёнига уяли алоқа воситалари билан киришларига шароит яратиб берган Миллий гвардия ходимининг ҳам ўз вазифасига совуққонлик билан ёндашгани маълум бўлган.
Аниқланишича, улар пора тариқасида олинган пулларни ўзаро тақсимлаган.
Изоҳ (0)