Бред Питт “Формула 1” фильмига тайёргарлик кўриш учун икки йил давомида пойга машиналарида тахминан 9,5 минг километрдан ортиқ масофани босиб ўтди. Бу ҳақда актёр Variety нашрида маълум қилди.

“Натижада биз тахминан икки йил давомида рулда бўлдик. Менга айтишларича, бу машиналарда жами 9,5 минг километр йўл босиб ўтганмиз”, дея таъкидлади Питт Нью Йоркдаги фильм премерасида. Актёр бундай натижа билан фахрланишини айтди.
Фильмда Питт 1990 йилларда жиддий фалокатдан сўнг спортни тарк этган “Формула 1” юлдузи Сонни Хейс ролини ижро этади. Йиллар ўтиб, Apex Grand Prix пойга жамоаси эгаси унга мурожаат қилиб, Демсон Идрис гавдалантирган истеъдодли ёш ҳайдовчи Жошуа Пирсга иккинчи пилот ва мураббий сифатида ёрдам беришни сўрайди.
Спорт драмасидаги актёрларни “Формула 1”нинг ҳақиқий пойгачилари, жумладан, Льюис Хемилтон тайёрлаган. Пойганинг етти карра жаҳон чемпиони фильм продюсери сифатида ҳам фаолият юритган.
Бундан олдин Том Круз “Вампир билан суҳбат” фильмини суратга олиш пайтида Бред Питт билан “тун бўйи машина ҳайдаганларини” айтиб ўтган эди. “Уддалаб бўлмас топшириқ” фильми юлдузи Питтни “жуда моҳир ҳайдовчи” деб таърифлади.
Изоҳ (0)