Миллионлаб томошабинларнинг севимли актёри Леонардо Ди Каприо 11 ноябрь куни 49 ёшга тўлди. Кўпчиликни Леонардо Ди Каприонинг нима учун шу ёшгача оила қурмагани қизиқтиради. Аммо актёр ҳозир ҳам 25 ёшгача бўлган моделлар билан учрашиб юради, сайёрани қутқариш билан шуғулланади ва ўз устида тинмай ишлайди.
Леонардо Ди Каприонинг болалиги
Бўлажак актёр 1974 йил 11 ноябрда ҳиппилар оиласида туғилган. Жорж Ди Каприо ва Ирмелин Инденбиркен Лос-Анжелеснинг жиноят урчиган ҳудудларидан бирида яшашган, аммо бу ҳомиладор онанинг санъатга бўлган иштиёқига, ҳомиладорлик пайтида музейларга ташриф буюришига тўсқинлик қилмайди. Буюк Леонардо да Винчи асарларидан бирини ҳайрат билан томоша қилаётган Ирмелин қорнида бўлажак ўғлининг қимирлаганини ҳис қилади ва болага Уйғониш даври даҳоси номини бериш керак, деган қарорга келади.
Жорж Ди Каприо комикслар чизадиган рассом эди, ўғли туғилгунга қадар унинг карьераси ўзининг чўққисига чиқади. Ирмелин ижтимоий хизматларда ишларди. Ўғли туғилгандан бир йил ўтгач, эр-хотин энди бирга яшай олмаслигини тушуниб, ажрашишади. Бироқ иккаласи ҳам ўғли ота-она эътиборига муҳтож деган қарорга келишади, шунинг учун отаси Ирмелиннинг онаси, рус муҳожири Хелен Инденбиркен билан бирга Лео тақдирида фаол иштирок этади.
Таъкидлаш жоизки, италян, рус ва немис қони аралашмаси, шунингдек, отасининг эркин ҳаёт тарзига бўлган иштиёқи боланинг севимли машғулотларида ўз изини қолдиради. У ўқишга унчалик иштиёқманд эмасди, лекин турли персонажларни тасвирлашни яхши кўрарди. 1977 йилда Жорж ўғлидаги актёрнинг маҳоратини кўриб, уни болалар шоусининг кастингига олиб боради, унда иштирок этиш Леонардо Ди Каприонинг биринчи экрандаги чиқишига айланади.
Шундан сўнг Лео “Санта-Барбара” телесериалларида ёш Мэйсон Капвелл, “Лессининг янги саргузаштлари”, “Одамлардан йироқда” ва “Ота-оналар” каби ролларни ижро этади. Ва 1991 йилда болакай “Махлуқлар 3” даҳшатли фильмидаги роллардан бирини ўйнайди — бу унинг катта экрандаги биринчи чиқиши бўлади. Фильм жамоатчилик томонидан унчалик яхши қабул қилинмаса-да, 17 ёшли актёр эътиборга тушади.
Леонардо Ди Каприонинг ёшлигидаги кино карьераси
Кўп ўтмай Леога “Заҳарли печак” фильмида рол берилади, фильмда у Дрю Берримор билан бирга суратга тушади, кейин эса “Бир йигитнинг ҳаёти” фильмида Эллен Баркин ва Роберт Де Ниро каби Голливуд юлдузларига партнёр бўлади. Бироқ актёрга ҳақиқий машҳурлик Жонни Депп билан бирга ўйнаган “Гилберт Грэйп нима ейди?” фильми чиққандан кейин келади. Фильмда ўша пайтда 19 ёшда бўлган Леонардо Ди Каприо ақли заиф ўсмирни шу қадар ишончли ўйнайдики, у биринчи марта “Оскар”га номзод бўлади. Фильмдаги роли учун Ди Каприо 75 минг доллар гонорар олган.
Кўплаб машҳур ҳамкасблари орасида шубҳасиз муваффақиятга эришганига, мухлислар меҳрига ва кино танқидчиларининг илтифотига қарамай, ёш Леонардо Ди Каприо турли театр клублари ва студияларига ташриф буюриб, актёрлик маҳоратини оширишда давом этади. Мактабни тугатгач, Калифорния университетларидан бирининг театр бўлимида тўрт йил ўқийди.
Шу билан бирга, унга кино таклифлар тинмай келиб туради. Шундай қилиб, актёр учун муваффақиятли фильмлардан бири Марк Уолберг иштирокидаги “Баскетболчининг кундалиги” фильми бўлди, бунинг учун Ди Каприо 1 миллион доллар олган. “Қотиллар ўйини” вестернидан актёр бор-йўғи 150 минг доллар ишлаб топган бўлса-да, лекин Шерон Стоун, Расселл Кроу ва Жин Хекмен билан бирга ишлаш имконияти ҳақиқий мукофот бўлади. “Тўлиқ тутилиш” фильмидаги шоир Артур Рембо роли ёш актёрнинг шов-шувли машҳурлигини оширади. 1996 йилда чиққан “Марвин хонаси” драмасида Леонардо онаси билан тил топиша олмайдиган 17 ёшли ўсмирни ўйнайди. Мерил Стрип, Даян Китон ва Роберт де Ниро каби Голливуд юлдузлари суратга олиш майдончасида ёш актёрга партнёр бўлишади.
Леонардо Ди Каприонинг ёшлигида ўйнаган яна бир ёрқин роли Баз Лурманнинг Уилям Шекспир асари асосидаги “Ромео + Жулиетта” севги трагедиясидаги Ромео эди. Унинг суратга олиш майдончасида шеригига айланган Клер Дейнснинг сўзларига кўра, Леонардо ролга шунчалик киришиб кетганки, Ромео Жулеттанинг тобути устида монолог ўқиган саҳнани суратга олиш чоғида актриса йиғлаб юборишига сал қолади.
Бироқ Ди Каприонинг энг машҳур роли Жеймс Кемероннинг “Титаник” фильмидаги Жек роли бўлди. Фильм суратга олиш вақтида актёр эндигина 22 ёшда эди. Кўп ойлик машаққатли меҳнатга қарамай, барча саъй-ҳаракатлар катта натижа берди. Фильм 11 та “Оскар” мукофотига сазовор бўлиб, кассада 2,2 миллиард доллардан кўпроқ даромад олди.
Леонардо Ди Каприонинг “Оскар” йўлидаги юлдузли роллари
Кейинги 18 йил давомида актёр тиним билмай ишлайди. 1998 йилда “Темир ниқобли одам” фильми чиқади, унда Ди Каприо бир вақтнинг ўзида иккита образни ўйнайди — қирол Людовик XIV ва унинг зиндонбанд қилинган укаси. Унга Жереми Айронс, Жон Малкович ва Жерар Депарде партнёрлик қилади. Фильм танқидчилар орасида катта қизиқиш уйғотмайди, аммо томошабинларга ёқади. Икки йил ўтгач, Ди Каприо Тилда Суинтон билан бирга “Пляж” фильмида иштирок этади. Мухлисларнинг юқори баҳоларига қарамай, актёр Ричард образи учун “Энг ёмон актёр” номинациясида “Олтин малина” мукофотига номзод бўлади. Бироқ мукофот Жон Траволтага насиб этади.
Леонардо Ди Каприо узоқ кутган “Оскар”
Ниҳоят 2016 йилда Леонардо Ди Каприо “Омон қолган” фильмидаги роли учун “Оскар” билан тақдирланади. Хью Гласс роли актёрга анча қийинчилик туғдиради: бир қанча трюкларни ўзи бажариши, совуқда ишлаши керак эди, чунки режиссёр Алехандро Гонсалес Инарриту компьютер технологиясидан фойдаланишга қарши эди. Шундай вақт ҳам бўладики, актёр вегетариан бўлишига қарамай, кадрда хом жигар ейди. Бироқ барча қийинчиликлар бунга арзийди.
2019 йилда Квентин Тарантинонинг “Бир пайтлар Голливудда” номли драмаси чиқади, унда Ди Каприо ёши ўтган актёр ролини маҳорат билан ўйнайди. Рик Далтон роли учун яна бир “Оскар”га номзод бўлади. Унинг бу сафарги шериги Бред Питт эди. Актёрнинг Женнифер Лоуренс, Мерил Стрип, Ёна Хилл, Кейт Бланшетт, Тимоти Шаламе ва Рон Перлман билан бирга ишлаган “Юқорига қарама” фильми каби фильмини ҳам таъкидлаш жоиз. Актёр иштирок этган “Гулли ой қотиллари” картинаси бу йил экранларга чиқди, фильмда Ди Каприо яна бир бор Роберт де Ниро билан ҳамкорликда ишлади.
Леонардо Ди Каприонинг шахсий ҳаёти
Актёрнинг шахсий ҳаёти унинг мухлислари ва журналистларини ҳар доим қизиқтириб келган. Бироқ бу борада Леонардонинг маълум бир қоидаси бор: у дунёдаги энг гўзал аёллар, янаям аниқроғи 25 ёшгача бўлган моделлар билан учрашади, лекин бу муносабатлар турмуш қуришгача етиб бормайди.
Леонардо Ди Каприонинг болалари
2010 йилда актёр ота бўлишга тайёрлигини очиқчасига эълон қилди. Мазкур шов-шувли баёнотдан 13 йил ўтганига қарамай, актёрнинг ҳали ҳам фарзандлари йўқ.
Бироқ Ди Каприонинг ҳаётида у бўш вақтини бағишлаган яна бир нарса бор: 1998 йилдан бери у ёввойи табиатни муҳофаза қилиш масалалари билан шуғулланади. 20 йил давомида Леонардо Ди Каприо жамғармаси 40 мамлакатда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича 70 та лойиҳага маблағ ажратди. 2014 йилда Леонардо Ди Каприо БМТнинг иқлим масалалари бўйича тинчлик элчиси этиб тайинланган эди.
Леонардо Ди Каприо ҳақида қизиқарли фактлар
- 1997 йилда People журнали маълумотларига кўра, Ди Каприо дунёдаги энг келишган 50 кишидан бири сифатида тан олинган.
- 2013 йилда актёр Бутунжаҳон ёввойи табиат фондига 3 миллион доллар хайрия қилган. Пул Непалда ёввойи йўлбарсларни сақлаш ва кўпайтириш чора-тадбирларига сарфланади.
- 2013 йилда актёр Formula E пойгаларида қатнашган Вентури Гран-при Formula E жамоасининг аъзоларидан бирига айланади.
- “Гулли ой қотиллари” фильми учун олинган гонорар сабаб Ди Каприо 2022 йилда дунёдаги энг кўп маош олувчи актёрлар учлигига кирди.
- Леонардо Ди Каприо 2022 йил бошида Украинани қўллаб-қувватлаган. Таблоид нашрларнинг ёзишича, актёр мамлакатга 10 миллион долларга яқин ёрдам юборган.
- Ҳайвонларнинг камида учта янги тури Леонардо Ди Каприо номи билан аталган: дарё қўнғизи Grouvellinus leonardodicaprioi, ўргимчак тури S. Leonardodicaprioi ва қисқичбақа Thor dicaprio.
Изоҳ (0)