Ўзбекистонда ҳинд фильмлари ва актёрларини кўпчилик яхши кўради. Улар ўз кумирлари ҳақида ҳамма нарсани билишни хоҳлашади. Болливуд актёрлари таътилни қаерда ўтказишни яхши кўришларини билмоқчи бўлсангиз, мақолани охиригача ўқинг.
Шоҳрух Хон — Лондон, Дубай
Болливуд қироли ўз уйи бўлган Лондонда оиласи билан вақт ўтказишни яхши кўради. Лондон — Британия музейи ва Тауэр кўприги каби машҳур диққатга сазовор жойлари билан дам олиш учун идеал жой. Шоҳрух Хон, шунингдек, Дубайда ҳордиқ чиқаришни ҳам яхши кўради.
Салмон Хон — Дубай
Дубай — Салмон Хоннинг ҳам таътилни ўтказишни яхши кўрадиган жойи. Дубайда дам олиш — овқатланиш, харид қилиш ва ўйин-кулгидан иборат. Бу бой ва гўзал шаҳар ўзининг дўконлари ва озиқ-овқат фестиваллари билан машҳур. Экстремал спорт турларидан тортиб, спа-салонлар ва пляжларгача — Дубайда мукаммал дам олиш учун ҳамма нарса мавжуд.
Амитабҳ Баччан — Гоа, Лондон
У Гоа соҳилларида дам олишни ва маҳаллий маданият билан танишишни ёқтиради. Соҳиллари ва кўнгилочар тадбирлари билан машҳур бўлган Гоа йил бўйи сайёҳларни ўзига жалб этади. Амитабҳ Баччан дам олиш учун боришни яхши кўрадиган яна бир жой — Лондон.
Приянка Чопра — Таиланд
Приянка пляжда дам олишни ёқтиргани учун Таиландда ҳордиқ чиқаришни хуш кўради. Приянка учун таътил оиласи билан вақт ўтказиш имконияти ҳамдир. Таиланд ўзининг гўзал пляжлари ва бой маданияти билан машҳур.
Анушка Шарма — Ҳимолай, Италия
Актриса бутун дунё бўйлаб саёҳат қилишни ва турли жойларни кўришни яхши кўради, аммо унинг энг севимли дам олиш масканлари Ҳимолай ва Италиядир. Саргузаштларга ишқибоз бўлган қувноқ Болливуд қизи учун Ҳимолай ҳордиқ чиқаришга энг мос жой ҳисобланади. У Италияни ҳам севади — таомларидан тортиб, соҳиллари-ю тош ётқизилган кўчаларгача ҳамма нарса кўнглидан жой олган.
Ранбир Капур — Нью Йорк, Италия
Ранбир Капур Нью Йоркка боришни ёқтиради. У илгари Нью Йоркда таълим олган, энди эса дўстлари билан учрашиш учун бу шаҳарга ташриф буюради. Нью Йорк ўзининг Эмпаер-Стейт биноси, Бродвей театри, Озодлик ҳайкали ва Таймс-сквер майдони билан машҳур. Ранбир, шунингдек, Италиянинг Венеция ва Апулия шаҳарларига боришдан завқланади.
Карина Капур — Швейцария
Актриса Швейцариянинг қорли гўзал манзараларини севади. Бу мамлакат нафақат унинг севимли дам олиш жойи, балки у эри Саиф Али Хон билан асал ойини ўтказиш учун ҳам у ерга борган. У таътил пайтида ҳаво шарида учишни, голф ўйнашни ва бошқа кўнгилочар машғулотларни ёқтиради. Қор билан қопланган бу тоғли диёр ўзининг сайр йўлаклари ва тоғ чанғи курортлари билан машҳур.
Акшай Кумар — Канада
Акшай Кумарнинг энг ёқтирган дам олиш жойи Канада. У оиласи билан Торонто ва Ванкуверда дам олишни хуш кўради. Канада ўзининг гўзал табиати билан машҳур.
Дипика Падуконе — Француз Ривераси
Баланд бўйли ва гўзал актриса Дипика Падуконе пляжларни жуда яхши кўради. У тез-тез дўстлари билан Француз Ривераси пляжларига дам олишга боради. Франциянинг жануби-шарқидаги соҳил минтақаси бўлган Француз Ривераси ҳар йили миллионлаб сайёҳларни ўзига жалб этади. Бу ерда сайёҳлар учун Кур-Салея бозори, Efrussi de Rotshild вилласи ва бошқа кўплаб диққатга сазовор жойлар мавжуд.
Изоҳ (0)