Ўзбекистонда 2025 йилнинг 3 ойида салкам 23 миллиард сўм истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси хабар берди.

Маълум қилинишича, 2025 йил биринчи чорак давомида фуқаро (истеъмолчи)лардан жами 4167 та мурожаат келиб тушган. Мазкур ариза ва шикоятларнинг 3747 таси, яъни 89,9 фоизи ижобий ҳал этилиши натижасида истеъмолчилар фойдасига жами 22 764 173 107 сўм етказилган зарар қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди.
Федерация ва унинг ҳудудий ижро органлари томонидан, истеъмолчилардан тушган 27 та мурожаат асосида истеъмолчиларнинг манфаатларини кўзлаб суд органларига даъво аризалари киритилиши ва ижобий ҳал этилиши натижасида 4 240 281 175 сўм моддий ва маънавий зарарлар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Истеъмолчилардан келиб тушган мурожаатларнинг
- 1133 таси (27,2 фоизи) – савдо;
- 1185 таси (28,4 фоизи) – коммунал хизмат;
- 218 таси (5,2 фоизи) – электр таъминоти;
- 370 таси (8,9 фоизи) – газ таъминоти;
- 193 таси (4,6 фоизи) – хизмат кўрсатиш (сервис);
- 208 таси (5,0 фоизи) – сув таъминоти;
- 85 таси (2,0 фоизи) – транспорт;
- 120 таси (2,9 фоизи) – алоқа (ва интернет);
- 72 таси (1,7 фоизи) – соғлиқни сақлаш;
- 583 таси (14,0 фоизи) эса бошқа соҳаларга тўғри келади.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси
Ушбу федерация Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ижтимоий ҳаракатини ҳар томонлама ривожлантириш йўли билан истеъмолчиларнинг ҳуқуқий ҳимояланиш даражасини оширишнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш мақсадида жисмоний шахслар томонидан ихтиёрий равишда ташкил этилган бўлиб, ўзини ўзи бошқарадиган нодавлат нотижорат ташкилотидир.
Конституцияси, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида” ва “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 28 ноябрдаги “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини тартибга солувчи бошқа қонун ҳужжатлари асосида ташкил этилган.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси 2018 йилда Халқаро истеъмолчилар ташкилоти (Consumerс International) аъзолигига қабул қилинган.
Изоҳ (0)