Ўзбекистонда вазир ва ҳокимлар лавозимига номзодлар тегишлича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари кенгашларида кўриб чиқилаётганда улар томонидан коррупциянинг олдини олиш бўйича аниқ режа ҳимоя қилинишига оид тартибни қонун ҳужжатларида белгилаш кўзда тутилган. Бу ҳақда “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармонида белгиланди.

Ҳужжатга кўра, Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг 2025 йил 5 мартда ўтказилган кенгайтирилган йиғилишида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилади.
Хусусан, 2025 йил май ойида вазир ва ҳокимлар лавозимига номзодлар кўриб чиқилаётганда улар томонидан коррупциянинг олдини олиш бўйича аниқ режа ҳимоя қилиниши тўғрисида қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши лозим.
Лойиҳада вазир ва ҳокимлар лавозимига номзодлар тегишлича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари кенгашларида кўриб чиқилаётганда улар томонидан коррупциянинг олдини олиш бўйича аниқ режа ҳимоя қилинишига оид тартиб назарда тутилади. Бунинг учун масъул ижрочилар этиб Олий Мажлис палаталари (келишув асосида) белгиланди.
Ҳужжатга кўра, коррупция ва жиноятчиликка қарши курашишда парламентнинг ролини тубдан ошириш мақсадида Олий Мажлис палаталарига ҳар йили бюджетдан энг кўп маблағ оладиган учта вазирлик ва идорада коррупциявий омилларни аниқлаб, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритиш тавсия этилган.
2025 йил июнь ойида давлат фуқаролик хизматида ишга қабул қилиш жараёнлари очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, давлат фуқаролик хизматчилари реестрини белгилаш, кадрларни корупсияга мойиллик даражасини ўрганиш бўйича фармон лойиҳаси тайёрланиши лозим.
Лойиҳада:
- давлат хизматчилари реестри;
- кадрларнинг коррупцияга мойиллик даражасини ўрганиш тартиби;
- давлат хизматчиларини ишга қабул қилиш жараёнини очиқ ва шаффоф ўтказиш механизмлари;
- давлат хизматчисининг малакаси ва салоҳияти, эришган натижаларини IT технологиялар асосида баҳолаш, номзодларни лавозимга тайинлашда уларнинг билими, тажрибаси ва эришган натижаларини асосий мезон сифатида белгилаш;
- вазирлик ва идоралар марказий аппаратидаги раҳбарлик лавозимларига устувор равишда қуйи бўғинларда ишлаган, туман (шаҳар) даражасида раҳбарлик лавозимларига эса вилоят, республика идораларида ишлаган кадрларни тайинлаш бўйича янги тизимни жорий этиш назарда тутилади.
Ушбу топшириқ ижроси учун Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, ДХХ, Бош прокуратура, ИИВ масъул бўлади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, июнь ойида давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат тизими (“комплаенс-назорат”) самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарор лойиҳасини ишлаб чиқиши ҳам лозим.
Шавкат Мирзиёев раислигида Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаши йиғилиши 5 март куни бўлиб ўтганди. Унда коррупцияни бартараф этиш юзасидан бажарилган ишлар ва келгусидаги вазифалар танқидий–таҳлил қилинганди.
Изоҳ (0)