Президентнинг «Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.
Ҳужжатга кўра, йўл ҳаракати қоидаларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш ҳамда уларни такроран бузиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида 2022 йил 1 декабрдан бошлаб қуйидаги тартибни назарда тутувчи ҳайдовчиларга йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун жарима балларини ҳисоблаш тизими жорий этилади:
- ҳар бир йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун 12 ой давомида алоҳида жарима баллари ҳисоблаб борилади;
- ҳисобланган жарима баллари белгиланган миқдордан ошган ҳолларда ҳайдовчи маълум муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан ўрнатилган тартибда маҳрум қилинади;
- муайян давр мобайнида қоидабузарлик содир этмаган ҳайдовчиларга кейинчалик ҳисобланган жарима балларини қисқартириш орқали рағбатлантириш чоралари қўлланилади.
2023 йил якунига қадар пойтахтнинг барча чорраҳаларида, шунингдек, Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларининг йирик асосий серқатнов чорраҳаларида, 2024 йил якунига қадар Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларининг барча чорраҳаларида рақамли бошқарув тизими жорий қилинади. 2022 йил 1 июлдан бошлаб, республиканинг барча туман (шаҳар)лари кесимида «Хавфсиз йўл» индексини юритиш амалиёти йўлга қўйилади. Бунда туман (шаҳар)лар индекс кўрсаткичлари асосида йўлларда ҳаракат хавфсизлигини ташкил этишнинг ҳолати бўйича «яшил», «сариқ» ва «қизил» тоифаларга ажратилади.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 11 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳайдовчилар ҳуқуқбузарликлари учун жарима баллари тизими жорий этилишини маълум қилганди. «Масалан, ҳайдовчи тезликни оширса – 1 балл, қизил чироқда ўтса – 3 балл ҳисобланади. Агар бир йилда қоидабузарликлар жами 12 баллдан ошса, ҳайдовчи автомобиль бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлади», — деган давлат раҳбари.