Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров 17 яшар ўғли Адам Қодировни республика Хавфсизлик кенгаши котиби этиб тайинлаган бўлиши мумкин. Чеченистоннинг расмий оммавий ахборот воситалари Адамни айнан шу мақомда тилга ола бошлади. Бу ҳақда “Агенство” хабар берди.

Чеченистон Хавфсизлик кенгаши котиби Адам Қодировнинг топшириғини бажариш доирасида унинг ўринбосарлари Аслан Жулагов ва Саламбек Абдрашитов Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Чеченистон бўйича бош бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Ризван Залаев билан навбатдаги ишчи учрашув ўтказди, дейилган хабарда.
Ушбу матн Чеченистон ҳукумати томонидан таъсис этилган “Грозний-Информ” ва “Чеченистон сегодня” давлат оммавий ахборот воситалари томонидан эълон қилинган.
Бунгача Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимини республика раҳбарининг жияни Ҳамзат Қодиров эгаллаб келаётган эди. Лавозим ўзгаргани ҳақида ҳозирча расмий хабар эълон қилинмаган. Чеченистон Хавфсизлик кенгаши сайтида ҳамон Ҳамзат Қодиров котиб экани қайд этилган. Давлат нашрларида у ҳақидаги сўнгги янгилик 7 апрелга тўғри келади. Шу куни у Чеченистон касаба уюшмалари федерациясининг юбилей медали билан тақдирланган.
Адам Қодиров 2023 йилда қамоқхонада Қуръонни ёқиб юборганликда айбланган Никита Журавелни калтаклаганидан кейин жамоатчилик эътиборига тушган эди. Воқеадан сўнг Адам кўплаб мукофотлар ва тайинловларга эга бўла бошлаган.
Унинг мукофотлари орасида Чеченистон Қаҳрамони унвони, “Дўстлик” ордени (Татаристонда иккинчи ўринда туради), “Кабардин-Болқор Республикаси олдидаги хизматлари учун” ордени, I даражали “Ислом динига хизматлари учун” ордени, шунингдек, “Уммат олдидаги хизматлари учун” мукофоти бор.
Март ойида “Росгвардия” унга Украинага қарши урушга “катта ҳисса қўшгани” учун “Жанговар хизматлари учун” идоравий медалини топширганди. Гарчи Қодировнинг ўғли жанговар ҳаракатларда қатнашмаган бўлса ҳам.
Хавфсизлик кенгаши котиби лавозими 17 ёшли ўсмир учун биринчи юқори лавозим эмас. Март ойида у республика ИИВ куратори бўлди, аввалроқ эса Чеченистон раҳбари хавфсизлигини таъминлаш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган. 2024 йил октябрь ойида унинг номи Федерация субъекти раҳбари хавфсизлик хизматининг энг ёш раҳбари сифатида Россия рекордлар китобига киритилган. Ўшанда у 16 ёшда эди.
Апрель ойида “Агентлик” ҳам чегара хизмати маълумотларига таяниб Адам Қодиров хорижга чиқиш учун икки хил паспортдан фойдаланаётгани ҳақида хабар берган эди. Улардан бири бўйича у Муҳаммад Рамзанович Қодиров, иккинчиси бўйича эса Муҳаммад Рамзанович Мусаев тарзида ўтади.
Изоҳ (0)