Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ниқоб тақилишига қарши эканини айтди.
Бироқ унинг фикрича, ҳижоб кийишга қарши чиққанлар исломнинг душманларидир. Бу ҳақда у Чеченистон ҳукумати йиғилишида маълум қилган. Қодировнинг таъкидлашича, Чеченистонга турли динларга мансуб кўплаб меҳмонлар келади.
“Бизни резидентларимизнинг кийиниши билан ишимиз йўқ. Биз рўмол ўрашни жазоламаймиз, рағбатлантирамиз. Ҳижоб кийманг деганлар эса исломнинг душмани. Биз юзни беркитувчи бурқага қаршимиз”, дейди Қодиров.
Шунингдек, у қизидан ҳижобини ечишни сўраганларни тирик қолдирмасликка ваъда берган.
“Ким қизимга ‘ҳижобингни еч’ деса, ким бўлишидан қатъи назар шу заҳоти отиб ташлайман. Бу душман, менинг шахсий душманим, исломнинг душмани”, дея таъкидлаган Чеченистон раҳбари.
Аввалроқ Россия Давлат думаси вакили Вячеслав Даванков таълим ташкилотларининг диний кийимларни, шу жумладан, юзни қисман ёки тўлиқ яширадиган кийимларни кийишни тақиқлаш ҳуқуқини назарда тутувчи қонун лойиҳасини тақдим этган эди. Тушунтириш хатида айтилишича, ташаббус “таълимнинг дунёвий хусусиятини мустаҳкамлаш”га қаратилган.
Даванковнинг таклифини Чеченистон Давлат думаси депутати Адам Делимханов танқид қилган. Унинг таъкидлашича, чечен ҳукумати юзни тўсадиган ниқоб кийишни маъқулламайди, аммо ҳижоб “мусулмон аёлнинг диний бурчи”.
Бунга жавобан Даванков барча динларни ҳурмат қилишини, бироқ қонун лойиҳаси фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар асосида ишлаб чиқилганини айтган.
Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин июнь ойида “исломчилар” томонидан содир этилган терактларни эслатиб, Россияда ниқоб кийишни шошилинч тақиқлашга чақирган. Кўп ўтмай Доғистон ва Қорачай—Черкесия муфтийлари ўз ҳудудларида ниқоб кийишни вақтинчалик тақиқлаган.
Изоҳ (0)