Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Саудия Арабистонининг Тоиф шаҳрида ўтган Осиё Кубогида бош совринга эга чиқди. Финалда Ўзбекистон ўсмирлар жамоаси Саудия Арабистонини 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, олтин медалларга эга чиқди. Ўйиндан кейин ўтказилган матбуот анжуманида бош мураббий Исломбек Исмоилов жамоасининг чемпионликни қўлга киритгани хусусида фикр билдирди:

Аввало, Ўзбекистон халқига ғалаба муборак бўлсин. Бу ғалаба замирида жуда кўпчиликнинг меҳнати ётибди. Сўнгги йилларда юртбошимиз спортга, айниқса, футболга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бунинг учун ташаккур айтамиз. Шунингдек, ЎФА раҳбарияти, Халқаро алоқалар ва Терма жамоалар бўлими ҳамда бизнинг жамоамиз учун меҳнати сингган ҳар бир инсонга миннатдорлик билдирамиз. Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан шу кунга қадар биз учун жуда кўплаб йиғинлар ташкил этилди, халқаро турнирларда иштирок этишимиз учун шароит яратиб берилди.
Ватанимиз доимо қаҳрамонлар, мард инсонлар юрти бўлган. Буни футболчиларимиз яна бир бор майдонда кўрсатиб беришди. Фантастик ўйин бўлди, бу жасорат, матонат намунаси. Йигитларга раҳмат айтаман, улар имконсиз вазифани бажаришди. Ҳиссиётларимизни сўз билан таърифлаб бўлмайди. Олдимизда янада муҳим турнир бизни кутмоқда. Жаҳон чемпионатида ҳам юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қиламиз, дейди Исмоилов.
Маълумот учун, Ўзбекистон U-17 терма жамоаси чемпионлик билан бирга ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатига йўлланмани ҳам қўлга киритди. Ушбу турнир 2025 йилнинг 3 ноябридан 27 ноябрига қадар Қатар майдонларида ўтказилади.
Изоҳ (0)