Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида 22 ноябрь куни Кабул Дусовга (1984 йилда Самарқанд вилоятида туғилган) оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.
Дусов устидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ўринбосари Фарҳод Боқиев жабрланувчи сифатида ариза берган. Бу ҳақда Кабул Дусовнинг ўзи ҳам пост ёзган. У, бундан ташқари, кўплаб постларида вазир ўринбосари фаолияти тўғрисида ҳақоратомуз сўзлар ишлатган.
Ушбу жиноят иши биринчи инстанцияда кўриб чиқилди.
Суд судланувчининг жиноят содир этишдаги айби жабрланувчининг кўрсатмасидан ташқари, жиноят ишида тўпланган далиллар билан, яъни жабрланувчиларнинг аризаси, тушунтириш хатлари, гувоҳларнинг кўрсатмалари, судга доир лингвистик экспертизалар хулосалари, ёзувлар скриншоти, Facebook ижтимоий тармоғидаги “Кабул Дусов” номли профилни ва Telegram мессенжеридаги “Кобул Дусов | Расмий канал” номли канални кўздан кечириш баённомаси, судга доир комплекс экспертизалар хулосалари ҳамда жиноят иши бўйича барча тўпланган, текширилган, ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳоланган далиллар билан тўлиқ исботланган деб ҳисоблади.
Суд ҳукмига мувофиқ Кабул Дусов жабрланувчи Ф. Боқиевга нисбатан Жиноят кодексининг 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 1 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Жиноят кодексининг 48-1-моддасига (озодликни чеклаш) асосан Кабул Дусовга сутканинг муайян вақти, яъни кеч соат 21:00 дан эрталабки соат 07:00 га қадар яшаш жойидан чиқиш чекланади. Шу билан бирга, унга қўшимча интернетдан фойдаланмаслик, оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик белгиланди.
Бундан ташқари, айбланувчига ҳар ойда бир маротаба яшаш жойи бўйича ИИО ФМБ Пробация бўлимидан рўйхатдан ўтиб туриш ҳамда маҳкумларни назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик каби тақиқлар юкланди.
“Мазкур жиноят иши бўйича манфаатдор тарафларга етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш юзасидан фуқаролик суд ишларини юритиш тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқлари мавжудлиги тушунтирилди.
Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция/кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинади”, – дея қўшимча қилинади хабарда.
Ўзбекистонда ҳақорат қилганлик бўйича жиноий жавобгарлик мавжуд
Жиноят кодексининг 140-моддасига биноан, ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш, башарти, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса БҲМнинг 200 бараваригача миқдорда жарима (75 млн сўм) ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 1 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Шунингдек, ушбу модданинг 1-қисмига асосан, нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган тарзда, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали ҳақорат қилиш БҲМнинг 200 бараваридан 400 бараваригача (75 млндан 150 млн сўмгача) миқдорда жарима ёки 240 соатдан 300 мажбурий жамоат ишлари ёхуд 1 йилдан 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Изоҳ (0)