Ўзбекистон банкларида бериладиган микроқарзлар миқдори 50 миллион сўмдан 100 миллион сўмгача оширилади. Бунинг асосий сабаби нима? Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов 26 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида мазкур саволга жавоб берди, дея хабар қилмоқда “Дарё” мухбири.
Мамаризо Нурмуродовнинг таъкидлашича, микроқарз миқдорига ўзгартириш киритилишига асосий сабаб аҳолига амалдаги (50 миллион сўм) миқдордан кўпроқ харажатларни ҳам қоплаш имконини беришдан иборат.
“Бу ҳамма 100 миллион сўмдан микроқарз олади, дегани эмас. Одамларнинг қарз олиш чегарасини юқорига кўтаряпмиз холос. Тўғри, ўртача ойлик миқдорининг ўсиш даражасига қарасак, микроқарзни икки баравар оширилиши тушунмовчилик келтириб чиқаради. Лекин микроқарз ажратадиган банклар ҳар бир шахсга индивидуал ёндошади. Бу бизнинг фуқароларни 50 миллион сўм билан чеклаб қўймайлик деган маънода бераётган таклифимиз. Айтайлик, 60–70 миллион сўмлик харажати бўлса, 2-3 та жойдан микроқарз олиб юрмасдан, бир жойдан олишга имконият яратиш борасида қўлланадиган чора”,—деди у.
Аввалроқ аҳолига ажратиладиган микроқарз миқдори икки баравар оширилиши мумкинлиги хабар қилинганди.
Маълумот учун, Ўзбекистонда жисмоний шахсларга бериладиган микроқарзлар миқдори сўнгги марта 2019 йилда оширилганди.
Изоҳ (0)