Голливуд актрисаси Эмилия Кларк Биг Иссуэ нашрига берган интервьюсида “Тахтлар ўйини” сериалининг биринчи ва иккинчи фаслларини суратга олиш пайтида бош миясида жарроҳлик амалиёти ўтказилгани ва шу сабабли актёрлар таркибидан чиқарилиши мумкинлигидан қўрққанини айтиб берди, деб ёзади “Правила жизни” нашри.
Эмилия Кларкга 2011 йилда мия аневризмаси — бош мия артериясининг патологик локал кенгайиши ташхиси қўйилди ва инсульт туфайли жарроҳлик амалиётини ўтказишга тўғри келди. Ўша пайтда актриса эндигина 24 ёшда эди. Операциядан сўнг Эмилияга афазия — нутқни йўқотиш ташхиси қўйилди.
Муваффақиятли ўтган оператиядан сўнг актриса бир ой ичида ўзига кела бошлади ва ишга қайтди. Аммо рол ижро этиш Эмилияга психологик жиҳатдан мураккаб бўлди.
“Миянинг бирор соҳаси шикастланганда инсон ўз-ўзини идрок этишда ва тўғри тутишда қийналади. Суратга олиш майдонида ишлаш вақтида ўзимга бўлган ишончим бир неча баробар тушиб кетган эди”, — дейди Кларк.
Юлдузнинг сўзларига кўра, Эмилия аввало ўлимдан, сўнг фильмда ролни йўқотишдан қўрққан эди:
“Улар мени рол ижро этишга қодир эмас деб ўйлаганлари учун ишдан бўшатишларини истамас эдим. Агар ўлсам, ундан кўра сёмка пайтида, жонли эфирда жон таслим қилганим мақул” — дейди у.
Муаммо шунда эдики, Эмилия Кларк иккинчи бор аневризмга учради. Аммо такрорланган касаллик бу сафар жиддий оқибатларга олиб келмади. 2013 йилда актриса иккинчи операцияни ўтказди ва охир-оқибат касалликни енгиб ўтишга муваффақ бўлди.
Изоҳ (0)