Британиялик кино ва театр актрисаси,“Тахтлар ўйини” сериали юлдузи Эмилия Кларк 23-октябрь куни 37 ёшга тўлди.
Актриса “Тахтлар ўйини” сериалидаги роли билан бутун дунёда машҳурликка эришди. Эмилия сериалда Дейнерис Таргариен қаҳрамонини ижро этган. Актриса бошқа амплуада ҳам ўзининг иқтидорини намоён қила оладими ёки йўқ, буни фақат вақт кўрсатади. Ҳозирда унинг фильмографиясида машҳур “Терминатор: Генезис”, “Юлдузлар жанги” ва бошқа лойиҳалар мавжуд.
Болалик ва ўсмирлик
Эмилия Кларкнинг тўлиқ исми Эмилия Изабел Эвфимия Роуз Кларк бўлиб, 1986 йилда Лондонда туғилган, бироқ унинг болалиги пойтахтдан бир соатлик масофада жойлашган Оксфордшир шаҳрида ўтган. Эмилия ва унинг акаси Бен табиат қўйнида улғайди: “Бизнинг боғимизда ариқ бор бўлиб, атроф фақат дала эди. Қўзиқорин териб, ўрдаклар боқардик ”, — деб эслайди актриса.
Эмилия Кларкнинг ота-онасидаги фидойилик ҳурматга лойиқ: отаси қизи туғилгунга қадар оддий ишчидан машҳур мусиқий асарлар басталовчи овоз продюсеригача бўлган узоқ йўлни босиб ўтган. Бўлажак актрисанинг онаси эса ўз фаолиятини коллеж котибаси сифатида бошлаган, кейин мустақил тадбиркорлик билан шуғулланган.
Эмилиянинг ёдга олишича, уни уч ёшида отасининг ишхонасига олиб боришган. Одатда шовқинли ва нотинч бўлса-да, у икки соат давомида саҳнага мафтун бўлиб тикилган ва парда тушганида кафтлари оғрийдиган даражада қарсак чалган. Саҳна ортидаги дунё қизни шунчалик ҳайратда қолдирганки, у кейинчалик ҳаётини театрсиз тасаввур қила олмаслигини англаб етган.
Эмилия ёшлигиданоқ Оксфордда жойлашган Авлиё Эдвард номидаги мактаб-интернат қошидаги драма тўгарагида актёрлик касбининг нозик жиҳатларини ўрганди. Бу ерда у биринчи марта иккита спектаклда саҳна юзини кўрди.
Актрисанинг сўзларига кўра, уни ўз соҳасининг вундеркинди деб аташ ёлғон бўлади. Унинг иштирокидаги биринчи спектакл премьерасида беш ёшли Кларк саҳнага чиқди ва сўзларни унутди. Олдинги қаторда ўтирган ўқитувчилар реплика айтса-да, аммо Эмилия жим туришда давом этди. Жажжи актриса бундан қўрқмас, аксинча, мутлақо хотиржам эди. “Бу ҳолат мени бутун карьерам давомида қўллаб-қувватлади”, — дейди Кларк.
Санъатга бўлган муҳаббат Эмилияни бошқа болалардан ажратиб турди. Тенгдошлар истисносиз мўмай даромади учун ҳуқуқшунос ёки профессионал спортчи бўлишни хоҳларди. Актриса эса ўзини оқ қарғадек ҳис қилар ва ҳар бир ўқувчи билан дўстлашишга интиларди.
2004 йилда ўрта мактабни тугатгандан сўнг Эмилия Кларк кўплаб машҳур актёрлар, масалан, Том Харди, Пол Беттани ва Жеймс МакЕвойнинг рафиқаси Анн-Мари Дафф таълим берган Лондон драма марказига кириш учун пойтахтга қайтиб келди.
Кинодаги карьеранинг бошланиши
2009 йилда Эмилия Кларк биринчи марта экранларда пайдо бўлди. Ёш актрисанинг биринчи иши “Шифокорлар” телесериалида Саския Майернинг роли эди. Телевизион дебютни муваффақиятсиз деб аташ қийин-у, аммо бу рол актрисага машҳурлик келтирмаганди.
2009 йилда Лондон драма маркази дипломини олгандан сўнг Эмилия Кларк Лондонни тарк этиб, Лос-Анжелесга йўл олди. У ерда, кино юлдузлари шаҳрида, актриса Голливуддаги энг қадимги театр — “Фаришталар компанияси”га ишга кирди. Ёш инглиз аёл учун бу даврнинг биринчи ва ягона иши танқидчилар томонидан жуда яхши қабул қилинган “Ҳис” спектакли эди.
2010 йил бошида қиз театр томошаларидан бир оз вақт ажратди ва яна “Триас давридан ҳужум” фильмида суратга тушиш учун экранларга чиқишга уринди. Бу сафар актриса экранларда тўсатдан жонланган динозаврларга қарши туришга тўғри келган ёш ва жасур Саванна ролида пайдо бўлди.
“Тахтлар ўйини”
2010 йилда 24 ёшли Эмилия Кларк дўстлари билан кичкина квартирани ижарага олди, ижара ҳақини тўлаш учун олтита жойда ишлади, лекин бир куни унга ажойиб таклиф тушишидан умидини узмади.
Шундай бўлди ҳам — кутилмаганда кечқурун унинг телефони жиринглади; гўшакнинг нариги томонида ёш актрисани ҳайратда қолдирган агент сўзлар эди. “Жорж Мартиннинг романларини экранлаштираётган HBO канали Дейнерис Таргариен ролини ўйнаш учун қиз қидирмоқда, эртага суҳбат режалаштирилган. Сиз ъТахтлар ўйиниъда ўйнашингиз керак!”, деб таъкидлади агент.
Эмилия талабчан продюсерлар олдида кимни ўйнашини билмасди. Дастлаб у “Википедия”га кирди ва мақолани ўқиб бўлгач, рози бўлиш кераклигини тушунди, чунки персонаж деярли воқеанинг энг ёрқин қаҳрамони бўлиши шубҳасиз эди.
Эмилиянинг ташқи кўриниши кастинг менежерлари излаётган талабга мутлақо зид эди. Уларга баланд бўйли, озғин ва сариқ актриса керак бўлган. Эмилия эса анчагина тўла, бўйи паст ва қорамағиз ва ўзига хос табассум билан бошқалардан ажралиб турарди.
Бироқ кастинг режиссёри сценарийдан иккита монологни ижро этган қизнинг ўйинига катта қизиқиш билан қаради ва кастингдан сўнг шундай деди: “Сиз зўр ижро этяпсиз, келинг, қора сочларингиз ўрнига сариқ ранг қандай кўринишини синаб кўрамиз”. Тасдиқдан сўнг дизайнерлар икки ой ичида кулранг кумушга ўхшаш ҳар хил рангдаги еттита парик ясади.
“Мен бу ролга тасдиқланганимда, хурсандлигимдан ўлишимга бир баҳя қолди”, — дейди бундан олдин бошқа касбда ўз омадини синаб кўриш хаёли билан юрган Эмилия. Кўп соатлик суратга тушишлар, тартибсизликлар ва янги таассуротларга тўла ҳаёт бошланди — қиз бахтдан еттинчи осмонда учди.
Эмилия Кларк томонидан ижро этилган сариқ сочли Дейнерис Таргариен ҳар қандай кийимда ажойиб кўринарди. Аммо миллионлаб томошабинларнинг севгисини нафақат унинг ажойиб кўриниши олиб келди, балки Эмилиянинг феъл-атвори, фидойилик, жасорат ва раҳм ҳам сабаб бўлган.
Икки қисмдан сўнг актриса иккинчи ва учинчи мавсумда суратга тушиш учун шартнома имзолади. Режиссёрлар ҳам, танқидчилар ҳам унинг маҳоратига ҳеч иккиланмасдан барча турдаги телевизион мукофотларга номзод қилиб кўрсатди. 2015 йилга келиб, унинг коллекциясида “Эмми” ҳайкалчаси ва “Сатурн” мукофоти пайдо бўлди, иккаласи ҳам телесериалнинг энг яхши иккинчи даражали актрисаси учун эди.
Биринчи фаслнинг суратга олиш ишлари тугагандан сўнг Эмилиянинг соғлиғида муаммолар пайдо бўла бошлади: унинг боши айланиб, қон босими кўтарилди. У буни доимий зўриқишларнинг натижаси деб ўйлади. Аммо спорт машғулотларидан сўнг унинг боши қаттиқ оғриди ва уни касалхонага олиб боришди. У ерда шифокорлар инсультнинг бир тури бўлган “субарахноид қон кетиш” ташхисини қўйди. Бу мия аневризмаси туфайли содир бўлганди.
Уч соат давом этган операция бош суякни очишни талаб қилмади, аммо Эмилия нутқ ва хотирада муаммоларга дуч кела бошлади, у ҳатто ўз исмини ҳам эслай олмади. Шифокорлар буни афазия — операциянинг таъсири деб тушунтирди. Кларк даҳшатга тушди, чунки унинг касбида тушунмасдан нутқ сўзлаб бўлмайди. У яшаётган ҳамма нарсасини йўқотиши мумкин эди, лекин бахтга кўра, бир ҳафтадан сўнг унинг нутқи тикланди.
Бош оғриғи актрисани дарҳол тарк этмади. Иккинчи мавсум ҳамма учун энг оғир фильм эди. У нафақат кўп меҳнат қилиши, балки журналистлар билан мулоқот, мухлисларга ширин табассум қилиши ва оғриқни морфи дориси билан бостириши керак эди. Янги мавсумларни суратга олиш ўртасида Эмилия иккита инглиз фильмида рол ўйнади: “Спайк Айленд” мусиқали драмаси ва “Хемингуэй уйи” комедияси.
2013 йилда Актрисанинг бош оғриши касаллиги қайталанди ва аввалгидан ҳам кучлироқ бўлди. Мия томографиясидан сўнг шифокорлар Эмилияга операциясиз ўлиши мумкинлигини маълум қилди. Операция пайтида унинг аневризмаси ёрилиб кетди. Актриса операция столида оғриқдан уйғониб кетди. Шифокорлар дарҳол уни учинчи операцияга тайёрлашни бошлади. Бу сафар бош суягини очиш керак эди. Ҳаммаси яхши бўлди ва ўша вақтдан бери Эмилия ўзини жуда яхши ҳис қилмоқда.
Албатта, Эмилия Кларкка Голливуднинг йирик режиссёрлари ҳам қизиқиш билдирди. Яқинда ўтказилган операцияга қарамай, Эмилия 2013 йилда “Терминатор Генезис” эпик фильмида Сара Коннор ролида ўйнаш таклифини қабул қилди. Актриса ўзини беихтиёр франшизанинг дастлабки икки қисмидаги Линда Хемилтон билан солиштиришидан қўрқарди, аммо қўрқувлар беҳуда эди — у Арнолд Шварсенеггер ва Жейсон Кларк билан ҳамкорликда ажойиб иштирок этди.
Шахсий ҳаёт
2012 йил сентябрь ойининг бошларида актриса машҳур Голливуд режиссёри ва аниматори Сет Maкфaрлейн билан учрашди. Уларнинг муносабатлари тез ривожланди, аммо 2013 йил март ойида жуфтлик ажралишаётганини эълон қилди. Айрим журналистлар таъкидлаганидек, бунга Эмилия Кларкнинг “Тахтлар ўйини”даги Жон Сноу роли билан танилган актёр Кит Харрингтон билан ишқий муносабати сабаб бўлган.
Эмилия Кларк ва Кит Харрингтон ўртасидаги муносабатлар бир неча йиллардан бери қизиқувчан мухлислар орасида севимли муҳокама мавзуси бўлиб келган. Уларни тез-тез бирга кўришади ёки кўчаларда сайр қилишади ва барча ижтимоий тадбирларда, сериалнинг асосий актёрлари таклиф қилинганда, уларни ёнма-ён кўриш мумкин. Актёрларнинг ўзи севги муносабатлари ҳақидаги миш-мишларни рад этди. Эмилиянинг сўзларига кўра, суратга олиш гуруҳининг барча аъзолари унга оиласидек ва Питер Динклейж, Николай Валдау ёки Ричард Мадден ҳам илиқ муносабатда бўлади.
2016 йил апрель ойи бошида Денейрис ва Жон Сноу ўртасидаги муносабатлар ҳақидаги тахминлар ниҳоят барҳам топди: Кит Харрингтон “ёввойи” ролини ўйнаган ҳамкасби Роуз Лесли билан бирга омма олдида пайдо бўлди. 2018 йил октябрь ойида мухлислар Эмилиянинг сирли севгилисини пайқаб қолди. У актёр Малколм Макдауэллнинг ўғли, режиссёр Чарли Макдауэлл эди.
Аммо 2019 йилнинг февраль ойида Эмилия Чарли билан ажрашганини эълон қилди. Кларкка яқин манбаларга кўра, уларнинг муносабатларига суратга тушиш ишларидаги бандлик таъсир қилган. Чарли Instagram’да обуначилар орасидан Эмилияни ва у билан биргаликда тушган суратларини ўчириб ташлади. Хавотирга тушган мухлислар бу ҳақда сўраганида, у: “Бу менинг қарорим эмас”, деб ажрим ташаббуси Кларкдан чиққанини маълум қилди.
Ёз ойларида Чарли актриса Лили Коллинз билан учрашишни бошлади. Шундан кейин Эмили Instagramъда Роуз Лесли билан тушган расмини жойлаштирди. У бахтли кўринарди ва ҳаётида Чарлининг йўқлигидан хавотирланмади.
2020 йилда оммавий ахборот воситаларида қизнинг янги муносабатлари ҳақида миш-мишлар пайдо бўлди ва “Доктор Ким” сериалининг юлдузи Метт Смит унинг танланганига айланди. Жуфтликнинг ўзи бу хабарга ҳеч қандай изоҳ бермади.
2017 йил август ойида Эмилия “Open Doors” жамоасининг аъзосига айланди, бу ташкилот актёрликка интилувчи драма мактаблари учун суҳбатларда қатнашишда ёрдам беради. 2018 йилда Эмилия Шон Пенн хайрия аукционида иштирок этди. Актриса қўйган лот — бу “Тахтлар ўйини” эпизодларидан бирини томоша қилиш имконияти эди. Лот 120 минг долларга сотиб олинди, бу Ж/П Про ва Дисастер Релиэф ёрдам бериш фондлари эҳтиёжларига сарфланди. Иккала ташкилот ҳам табиий офат қурбонларига ёрдам беради. 2019 йилда актриса мия аневризмаси бўлган беморларга ёрдам берадиган Саме Ёу хайрия жамғармасини ишга туширди.
Сўнгра YouTube блогер Jacksepticeye билан хайрия эшиттиришини бошлади. Уларнинг жонли эфири тахминан 250 минг доллар йиғди. Барча пуллар “Сamе You Foundation”га сарфланди.
“‘Тахтлар ўйини’ бўлмаганида, мен қаерда бўлардим?” Билмайман. Эҳтимол, ҳеч қаерда. Мен суратга тушишни қандай бошлаганимни эслайман — ўша вақтда 22 ёш эдим, ҳеч нарса қўлимдан келмасди. Аммо энди бу бошқа масала,” — дейди актриса. Аммо HBO телеканалининг энг машҳур лойиҳаси — “Тахтлар ўйини” тугаса-да, актрисанинг кайрераси тугамади. У 37 ёшга тўлди, унинг карьераси бир вақтлар умид қилганидек гуллаб-яшнади. 2022 йилда актриса Marvel’нинг янги “Махфий ҳужум” номли сериалида пайдо бўлади. Disney + платформасида чиқадиган сериал Эмилиянинг карьерасига яна кучли туртки бериши кафолатланган.
Изоҳ (0)