Кичик таммадихоналарда қўшиқ айтиб, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида танилган хонанда Достон Эргашев 24—25 май кунлари “Халқлар дўстлиги” санъат саройида яккахон концерт дастурини мухлислар эътиборига ҳавола этди.
Хонанда ҳар йили битирувчилар куни арафасида концерт бериш санъаткорлар орасида “талаш” бўлиши ва бунинг ўзига яраша масъулияти борлиги ҳақида гапирди.
— Концертимизга муҳаббатга яқин қалблар, яъни битирувчилар ҳам келишини инобатга олган ҳолда шўхроқ куй-қўшиқларни кўпайтирдик. Мухлислар мендан сокин тароналар эшитишга ўрганиб қолган, лекин бу янгилигимиз уларга манзур келади деб ўйлайман. Концертнинг қайси санада берилиши муҳим эмас, чунки ҳар бир сананинг ўзига яраша масъулияти бор.
Хонанда концертидаги камчиликлар ва мухлислар тўполони ҳақида айтиб ўтди.
— Озроқ ҳаяжон бўлиши табиий, мусиқий томондан 1-2 сониялик кечикишлар бўлди. Концерт дастуримиз охирида мухлисларимга совға бериш жараёнидаги бир оз тартибсизликни ҳисобга олмаса, менимча қолгани кўнгилдагидек ўтди. Мухлислар саҳнага чиқиб олди, совғаларим ҳаммага етмаса ҳам ўз эгаларини топяпти. Қолган ҳаммаси зўр, — дейди хонанда Достон Эргашев.
Қизғин ўтган концертга Санжар Шодиев бошловчилик қилди. Дастур давомида Достон Эргашевнинг бошқа мухлис ва мухлисалари қатори тожикистонлик тингловчиси ҳам саҳнага чиқиб, хонанданинг қўшиғини ҳаваскор тарзда ижро қилиб берди.
Бошқа мухлисаси эса Достон Эргашевнинг шахсан ўзи билан жонли куйлади. Баттл сўнгида хонанда икки нафар ғолибга гитара совға қилиб, бу у учун жуда ҳам қадрли эканини айтиб ўтди.
Хонанда концерт якунида мухлислари билан эсдалик видео ва фотоларга тушди, дастур ажойиб тарзда якунланди.
Изоҳ (0)