Сурия президенти Башар ал-Асаднинг рафиқаси Асма ал-Асадга оққон касаллиги ташхиси қўйилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 48 ёшли Асма уни изоляция қилишни талаб этадиган махсус даволаниш протоколига амал қилади.
Бир қатор клиник белгилар кузатилганидан ва қатор текширувлардан сўнг биринчи хоним Асма ал-Асадга ўткир миелоген лейкемия (оққон) ташхиси қўйилди. Биринчи хоним инфекцияни олдини олиш бўйича қатъий чоралар ва тегишли ижтимоий масофани ўз ичига олган махсус даволаш протоколига амал қилади. Даволаниш режасининг бир қисми сифатида бевосита алоқалардан вақтинча воз кечади, — дейилади хабарда.
2019 йил август ойида Сурия президенти рафиқаси эрта аниқланган кўкрак бези саратонидан тўлиқ тузалганини айтганди. Суриянинг биринчи хонимига саратон ташхиси қўйилгани илк бор 2018 йил август ойида маълум бўлганди.
Асма Асад 1975 йил 11 августда Лондонда туғилган. Оиланинг келиб чиқиши Суриянинг Ҳомс шаҳридан. Унинг отаси маслаҳатчи кардиолог, онаси эса нафақадаги дипломат. Асма 2000 йил ноябрида Сурияга қайтиб, декабрда Башар ал-Асадга турмушга чиққан. Уларнинг уч нафар фарзанди бор: Ҳофиз, Зайн ва Карим. Асма Асаднинг ота-онаси Буюк Британияда яшайди.
Изоҳ (0)