Германия ва АҚШ Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҲАМАС етакчилари билан тенглаштирмасликка чақирди, дея Deutsche Welle хабар берди.
Маълум бўлишича, Германия ТИВ Халқаро жиноий суд (ХЖС) бош прокурори Карим Хоннинг икки исроиллик амалдор ва ҲАМАС етакчиларини ҳибсга олишга ордер бериш талабини танқид қилган.
Бир томондан, Исроил етакчиларини, иккинчи томондан ҲАМАСнинг уч етакчисини ҳибсга олиш учун ордер бериш талаби эквивалентлик ҳақида нотўғри таассурот уйғотди, — дейилади Германия ТИВ баёнотида.
Унда ҲАМАС 2023 йил 7 октябрда Исроилга уюштирган ҳужумида “ваҳшиёна қирғин” қилгани ва Исроил ҳукумати ўз халқини бундан ҳимоя қилишга ҳақли эканлиги таъкидланган.
АҚШ расмийлари Карим Хоннинг сўровини қаттиқ танқид қилган.
Бу прокурор нимани назарда тутмасин, Исроил ва ҲАМАС ўртасида ҳеч қандай тенглик йўқ. Биз Исроил хавфсизлиги учун доимо унинг ёнида бўламиз, — деди президент Жо Байден баёнотида.
Аввалроқ АҚШ Давлат департаменти раҳбари Энтони Блинкен прокурорнинг талабини “шармандали” деб атаган. АҚШ Конгресси аъзоси Майк Жонсон эса Исроил расмийларини ҳибсга олиш ордери тасдиқланса, ХЖСга қарши санкциялар қўллаш эҳтимолини айтган.
Нетаньяху ва ҲАМАС етакчиларини ҳибсга олиш учун ордер
Аввалроқ ХЖС бош прокурори Карим Хон Исроил бош вазири ва мудофаа вазири ҳамда ҲАМАСнинг уч етакчиси: Яҳё Синвар, Муҳаммад Ал-Масри ва Исмоил Ҳанияни ҳибсга олиш учун ордер талаб қилган эди.
Прокурор баёнотида ҲАМАС етакчилари уруш ва инсониятга қарши жиноятлар — қотиллик, гаровга олиш, жинсий зўравонлик ҳаракатлари, қийноқлар учун жавобгар эканлиги таъкидланган.
Нетаньяху ва Галантга қўйилган айбловлар Ғазода тинч аҳолини очликдан ўлдиришдан уруш усули сифатида фойдаланиш, қасддан азоб-уқубат ёки оғир тан жароҳати етказиш, шафқатсиз муомала, тинч аҳолига қасддан ҳужумларни ўз ичига олади.
Изоҳ (0)