“Ғишткўприк” чегара божхона постида йирик миқдорда дори воситалари тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Тошкент вилояти божхона бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Тошкент вилояти божхона бошқармаси Шахсий хавфсизлик гуруҳи тезкор вакили ҳамда Контрабандага қарши курашиш бўлими тезкор тузилмалари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда олинган тезкор маълумотга асосан Ўзбекистонга ўтиш учун “Ғишткўприк” чегара божхона постига пиёда ҳолда кириб келган фуқаронинг қўл юклари божхона назоратидан ўтказилган.
Текширув давомида божхона назоратига тақдим қилинмаган, умумий қиймати 908 миллион сўмдан зиёд 3 944 дона ҳар хил номли дори воситалари, 2 дона контейнерда “Термо-Конт МК” номли совитувчи элемент ҳамда 12 дона Rich creme номли соч бўёқлари борлиги аниқланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом этмоқда.
Аввалроқ Тошкент вилоятида 110 граммдан ортиқ заргарлик буюмларини чегарадан олиб ўтмоқчи бўлган шахс тўхтатиб қолингани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)