Россия Истанбулдаги меҳмонхона эгасини ўлдиришда гумонланган Ўзбекистон фуқаросини Туркияга экстрадиция қилди. Бу ҳақда Россия ИИВ матбуот хизмати хабар берди.
“Россия ИИВ Интерпол миллий марказий бюроси ва Федерал жазони ижро этиш хизмати ходимлари Внуково халқаро аэропортида Туркия ҳуқуқ-тартибот органлари вакилларига Ўзбекистон фуқароси Хасанжон Аминовни топширди”, — дейилади хабарда.
Аминов қасддан одам ўлдиришда айбланиб, Интерпол каналлари бўйича қидирувда бўлган. Туркиялик терговчиларнинг версиясига кўра, у 2019 йилда шериклари билан Истанбулдаги меҳмонхона эгасини ўлдирган. Ўзбекистон фуқароси мазкур меҳмонхона ходими бўлиб ишлаган.
2023 йилда эркак Қозонда қўлга олинганди, йил охирида эса Россия прокуратураси айбланувчини Туркия томонига топширишни маъқуллаган.
Экстрадиция ҳолатлари
2023 йилнинг март ўрталарида Латвияда ўзини элчихона ходими сифатида таништириб, одамларни чув тушириб юрган Ўзбекистон фуқароси экстрадиция қилингани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, март охирларида Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси ходимлари томонидан халқаро қидирувда бўлган шахсни экстрадиция қилиш Швециядан биринчи марта амалга оширилди.
Апрель бошида Москва шаҳрида 13 йил олдин Ўзбекистонда содир этган жинояти учун халқаро қидирувда бўлган шахс қўлга олинганди. Ой ўрталарида бўлса, Қирғизистонда террорчилик ташкилотига аъзоликда гумонланиб, икки ўзбекистонлик ҳибсга олинган эди.
Изоҳ (0)