Олимлар қаҳванинг кутилмаган хусусиятини аниқлади: кофеин айрим бактерияларга антибиотиклар таъсиридан ҳимояланишига ёрдам бериши ва шу орқали бу дориларнинг самарадорлигини пасайтириши аниқланди.

Германиянинг Tyubigen университети олимлари Escherichia coli ёки E. coli номли ичак таёқчаси — ичак микрофлорасининг энг яхши ўрганилган тури устида тадқиқот ўтказди. Тажриба давомида бу бактерияларга 94 хил кимёвий модда, жумладан антибиотиклар, аспирин, баъзи озиқ-овқат бирикмалари (масалан, ванилин ва кофеин), шунингдек, ичак муҳитида табиий мавжуд бўлган айрим метаболитлар таъсир эттирилди.
Тадқиқотнинг мақсади — турли моддаларнинг бактерия ҳужайрасига ҳамда моддаларнинг кириб чиқишини бошқарадиган генларга қандай таъсир кўрсатишини аниқлаш эди.
Маълум бўлишича, генларда кузатилган ўзгаришларнинг тахминан учдан бири Роб номли оқсил билан боғлиқ. Бу оқсил генлар фаоллигини тартибга солувчи регулятор бўлиб, уларнинг қайси қисми ишлаши ёки ишламаслигини белгилаб беради.

Тадқиқотнинг энг диққатга сазовор ва олимларни ҳайратга солган жиҳати шуки, кофеин ОмпФ оқсилини ишлаб чиқарадиган генлар фаолиятини сусайтиради. Бу оқсил антибиотикларнинг бактерия ҳужайрасига киришига ёрдам берадиган асосий каналлардан биридир. Агар унинг миқдори камайса, антибиотиклар бактерия ичига кириши қийин бўлади, натижада даволаш самарадорлиги пасаяди.
Яна бир муҳим ҳолат: кофеиннинг салбий таъсири фақатгина лаборатория шароитидаги бактерияларда эмас, балки сийдик йўллари инфекцияси билан оғриган бемордан олинган E. coli’нинг клиник штаммида ҳам кузатилган. Бундай натижа тадқиқотнинг аҳамиятини янада оширади. Бироқ кофеиннинг одам организмидаги инфекциялар кечишига қандай таъсир кўрсатиши ҳақида аниқ хулоса чиқаришга асос бўлмайди.
Айни пайтда кофеин организмдаги бактерия генларига қандай таъсир қилиши ва оддий қаҳва ичиш даволаниш натижаларига халақит бериши ёки бермаслиги каби саволлар очиқ қолмоқда.
Шунга қарамай, тадқиқот микробларнинг инсон организмида ўта мослашув тизимига эга эканини яна бир бор тасдиқлади. Олимлар эндиликда бу каби таъсир бошқа бактерияларда ҳам кузатилиш масаласини текширмоқда. Шунингдек, мутахассислар кофеиннинг бактериялар билан ўзаро таъсирини молекуляр даражада аниқлаштиришни мақсад қилган.
Ҳозирча эса тадқиқотлар натижаларини диққат билан кузатиш, лекин севимли ичимликдан воз кечмаслик тавсия этилади: ваҳима қилиш ёки қаҳвани бутунлай чеклашга ҳожат йўқ.
Изоҳ (0)