Бухорода икки нафар ИИБ ходими гиёҳванд моддалар савдосига аралашгани аниқланиб, жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати раҳбари Шохруҳ Ғиёсов хабар қилди.
Ижтимоий тармоқларда ДХХ томонидан икки шахс оғуфурушлик бўйича тезкор тадбир давомида қўлга олингани, уларнинг бири жиноят қидирув бўлинмаси бошлиғи, иккинчиси ЖҚБ катта тезкор вакили эканлиги ҳақида хабарлар тарқалди.
ИИВ ахборот хизмати раҳбарининг маълум қилишича, 16 март куни Бухоро вилояти ички ишлар бошқармасининг икки нафар офицер ходимлари гиёҳванд моддалар ноқонуний айланмасига аралашганлари аниқланиб, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўтказилган тезкор тадбир давомида жиноят устида қўлга олинган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25-моддаси, 273-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)