“Ўзгидромет” жорий йил июль ойидаги ҳаво ҳарорати таҳлилини эълон қилди. Қайд этилишича, ўтган ойда мамлакатдаги ҳарорат иқлим меъёридан юқори бўлган.

Энг иссиқ июль
Ўрганишларга кўра, июлда ўртача ойлик ҳаво ҳарорати иқлим меъёридан 1–3 даража юқори бўлган.
“Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида, шимоли-ғарбий ҳудудлардан ташқари, 2025 йил июль ойи энг иссиқ июль ойлари учлигига кирди, бир қатор ҳудудларда эса барча кузатув йиллари учун энг иссиқ бўлди”, дейилади таҳлилда.
Мамлакатда кундуз кунлари ҳаво 38-41 даражагача, энг иссиқ кунларда 42-44 даражагача, жануб ва чўл ҳудудларда 45-48 даражагача исиган.
Айрим жойларда максимал ҳарорат метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун рекорд бўлди ёки ўтган йилларда ўрнатилган рекордларни такрорлади.
40 даражадан юқори ҳурорат
Июлда республиканинг катта қисмида 40 даража ва ундан юқори ҳароратли кунлар узоқ йиллик ўртача кўрсатичлардан кўпроқ бўлди. Бундай юқори ҳароратли кунларнинг энг кўпи республика жанубидаги айрим ҳудудларда 18 кундан 24 кунгача кузатилган.
Тошкент шаҳрида 40 даража ва ундан юқори ҳароратли вақт 11 кун давом этди. Бу кўрсаткич 2018 ва 2022 йилларнинг июль ойлари билан бир қаторда иккинчи ўринни эгаллади. Яъни 2019 йил июлда пойтахтдаги ҳарорта кетма-кет 14 кун экстремал юқори — 40 даражадан 42,5 даражагача бўлган.
Ўтган ойда мамлакатнинг айрим ҳудудларида ҳарорат 40 даража ва ундан баланд бўлган кунлар сони метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун энг максимал даражага етди. Хусусан, Навоийда 17 кун, Фарғонада 7 кун ана шундай ҳарорат кузатилган.
“Июль ойи қуруқ бўлди. Аксар ҳудудларда ёмғир умуман ёғмади. Фақат Фарғона водийси, Тошкент вилоятининг тоғли жойларида қисқа муддатли ёмғир ёғди. Бунда бир кеча-кундуз учун ёғингарчилик миқдори 8-13 мм га етди. Июль ойининг қуруқ бўлиши Ўзбекистон учун одатий ҳол. Бироқ, бу кетма-кет ёғингарчилик тақчиллиги кузатилган тўртинчи ой (2025 йил апрелдан бошлаб) бўлди”, дейилади таҳлилда.
Қайси ҳудуд 48 даража исиди?
Июль ойида Ўзбекистон бўйича энг иссиқ ҳарорат Қашқадарё вилоятидаги Муборак даштида кузатилган. Ҳудудда ҳарорат максимумлари 48 даражага етган.

Кейинги энг юқори иссиқлик Мошиқудуқдаги (Қизилқум чўли) метеостанцияда қайд этилган — 47 даража. Шу билан бирга, юқори жазирама Термиз (45,8 даража), Навоий (45,5 даража) ва Мўйноқ (44,7 даража) ҳудудларида кузатилган. Қолган жойларда энг юқори ҳарорат қуйидагича бўлган:
- Тошкент — 43,5 даража;
- Нукус — 43,5 даража;
- Урганч — 43,5 даража;
- Бухоро — 45,5 даража;
- Самарқанд — 42,3 даража;
- Жиззах — 41,2 даража;
- Сирдарё — 43,4 даража;
- Қарши — 44,8 даража;
- Андижон — 41 даража;
- Наманган — 42,6 даража;
- Фарғона — 41,4 даража.
Аввалроқ Ўзбекистонда 2-5 июль кунларидаги жазирама сабаб тез ёрдамга 250 мингга яқин чақириқ келиб тушгани очиқланган.
Жаҳон банки тадқиқотига кўра, аномал иссиқ ҳаво Марказий Осиёга катта хавф солмоқда. Минтақада ҳаво ҳарорати ортиб бориши инсонлар ҳаёти ва иқтисодиётга жиддий зарар етказади. Яқин келажакда иқлим ўзгариши ёмон оқибатлар яратишидан жиддий хавотир мавжуд.
Изоҳ (0)