Тошкент шаҳар Миробод туманида Spark автомобили ёниб кетди. Бу ҳақда пойтахт ФВБ матбуот хизмати хабар қилди.

Маълум бўлишича, 5 август куни соат 12:52 да Тошкент шаҳар Миробод тумани, Нукус кўчасида автомобиль ёнаётганлиги тўғрисида Тошкент шаҳар ФВБга хабар тушган.
Шунга кўра, ёнғин-қутқарув техникалари айтилган манзилга соат 12:59 да етиб бориб, ёнғин соат 13:06 да ўчирилган. Ёнғин оқибатида жабрланганлар йўқлиги маълум қилинди.
Шу каби ҳолатлар июль ойида ҳам бир неча бор кузатилган. Улардан бирида 16 июль куни Чилонзор туманида Nexia русумли машина ёниб кетган. Шу куннинг ўзида Мирзо Улуғбек тумани, Мирзо Улуғбек шоҳкўчасида ҳам машина ўт ичида қолган.
Маълумотларга кўра, асосан машиналарда ёз ойларида двигатель ёки батареянинг ҳаддан ортиқ қизиши, электр симларининг эскириши ёки қисқа туташувлар ҳамда газ баллонлари носозлиги ёки нотўғри ўрнатилиши натижасида ёнғин келиб чиқади.
Шунингдек, қуёш нури тик тушадиган жойларда қолдирилган автомобиль салонида телефон ва батареяларнинг ташлаб кетилиши портлаш ҳамда ёнғинларни келтириб чиқариши мумкин.
Изоҳ (0)