Фарғона туманида 132 минг дона “Британик” номли пиротехника воситаларини хонадонида сақлаган шахс аниқланди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Фарғона тумани ИИБ ходимлари томонидан профилактик тадбирлар олиб борилган. Тадбир давомида “Хўжа Аҳмад Вале” МФЙда яшовчи О.З.нинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда, тахминий нархи 24 миллион сўм миқдорида бўлган 132 минг дона “Британик” номли пиротехника воситалари топилган.
Ҳолат юзасидан О.З.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 185-моддаси прим 1-моддаси (пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи) билан маъмурий жавобгарликка тортиш чораси кўрилган.
Аввалроқ Наманган вилояти Уйчи туманида 31 миллион сўмлик пиротехника буюмларини сотаётган шахслар ушлангани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Ангренда Тошкентга кетаётган Mercedes-Benz ичидан 250 минг донага яқин пиротехника воситалари топилган эди.
Изоҳ (0)