Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи 11 декабрдан бошлаб Аи-80 ва Аи-92 бензинларининг умумий ишлаб чиқариш ҳажмини кунига 1000 тоннагача оширади. Бу ҳақда завод матбуот хизмати хабар берди.
“Автомобиль двигателлари юқори сифатли ва совуққа чидамли ёнилғи талаб қиладиган палла — қиш мавсумида ёнилғига тобора ортиб бораётган талабга жавобан ана шундай стратегик қарор қабул қилди. Бензин ишлаб чиқариш ҳажмининг оширилиши ёнилғи бозорида барқарор таклифни таъминлаб, заводга қиш мавсумида истеъмолчилар талабини самарали қондириш имконини беради”, — дейилади хабарда.
Санег компанияси бош директорининг нефтни қайта ишлаш бўйича ўринбосари Латипов Ҳабиб бензин ишлаб чиқариш ҳажмининг оширилиши заводда амалга оширилаётган модернизация доирасидаги янги технологик ечимлар самараси бўлиб, аҳолини арзон ёнилғи билан таъминлашга қаратилганини билдирган.
“Бугунги кунда завод технологик жараёнларнинг янги босқичига чиқмоқда, ускуналарнинг оптимал иш параметрларини белгиламоқда. Бензин ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши ҳам эркин бозор нархини шакллантиришга хизмат қилади”, — дейди Латипов.
Аввалроқ “Ўзбекнефтгаз” департаменти бошлиғи Жамшид Багиров “Дарё” мухбирига берган интервьюсида Ўзбекистонда бензинга талабнинг кескин ошиши инобатга олиниб, қатор чоралар кўрилганини айтганди. Маълумот учун, ҳозирда мамлакатда 2,5 мингта автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари фаолият олиб боради.
Изоҳ (0)