Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Данғара туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси буюртмачилигида ўтказилган 6 миллиард сўмлик давлат харидида қатор қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.
Хусусан, ушбу харидда иштирок этиб, ғолиб бўлган талабгорнинг ҳужжатлари харид комиссияси раиси ва аъзолари фойдаланган қурилма (IP-манзиллари бир хил) орқали электрон платформага юкланган.
Натижада “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг 10-моддаси (рақобат ва холислик принципи), 14-моддаси (манфаатлар тўқнашуви), 20-моддаси (харид комиссиясининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари), 46-моддаси (давлат харидлари жараёнидаги чекловлар) ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат харидларини амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган низомнинг бир қатор талаблари бузилган.
Мазкур ҳолатлар бўйича 2023 йил 1 август куни (баённома тасдиқланган куннинг ўзида) харид комиссиясининг баённомасини бекор қилиш тўғрисида буюртмачига тақдимнома киритилган ва тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига юборилган.
Агентликнинг тақдимномасига биноан Данғара туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан 8 август куни харид комиссиясининг баённомаси бекор қилинган.
Давлат харидларининг бекор қилиниши
Бундан олдин “Тошкент дон маҳсулотлари” АЖ буюртмачилигида юк ташиш хизмати кўрсатиш юзасидан ўтказилган 500 миллион сўмлик давлат харидида қатор қонун бузилиши ҳолатлари аниқланганди. Шунингдек, Наманган халқаро аэропорти ўтказган қарийб 1,5 миллиард сўмлик, Фарғонада эса асфалт хариди бўйича ўтказилган салкам 3,5 миллиард сўмлик тендерлар бекор қилингани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)