Ўзбекистонда нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, ташиш, сотиш ва уларни сақлашда санитария-гигиена талаблари тасдиқланди. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси хабар берди.
Бош давлат санитария врачи томонидан тасдиқланиб, Адлия вазирлиги томонидан ҳисобга олинган ушбу гигиена талабларига кўра, қуйидагилар белгиланди:
- корхона ҳудудидаги барча ўтиш жойлари ва йўлаклар чангни тарқалишини олдини олиш учун қаттиқ қопламали (асфалтланган ва бошқалар) бўлиши керак;
- ишлаб чиқариш ва корхона ҳудуди кемирувчилар, сувараклар, ит, мушуклар ва бошқа жонзотлар киришидан ҳимояланган бўлиши керак;
- ускуналар ва анжомларнинг юзаси силлиқ, тозалаш, ювиш ва дезинфекция қилиш учун қулай бўлиши лозим;
- корхонанинг ишлаб чиқариш хоналари ва цехлари технологик жараёнлар оқимини, хом ашё ва тайёр маҳсулотларнинг қарши ва кесишган оқимларининг олдини олган ҳолда жойлаштирилиши керак;
- ишлаб чиқариш объектлари хоналарининг деворлари ва поллари ювиш ва зарарсизлантириш ишларини олиб боришга чидамли қоплама материаллар билан қопланган бўлиши керак;
- маҳсулотлар билан алоқада бўлувчи асбоб-ускуналар ва аппаратларнинг барча қисмлари озиқ-овқат саноатида фойдаланиш учун инсон саломатлиги учун хавфсиз бўлган материаллардан тайёрланиши керак.
Шунингдек, нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналарида маҳсулотларни ишлаб чиқариш вақтида дератизация ва дезинсексия жараёнларини амалга ошириш тақиқланади.
Ушбу ҳужжатда корхоналарнинг ишчи ходимлар шахсий гигиенага қатъий риоя қилишлари, хусусан, очиқ яралар, тирналган, кесилган ёки бошқа тери жароҳати бўлганда, жароҳатни пластир билан беркитиши, иш жойида заргарлик буюмлари, соатлар ва чўнтакларда буюмлар билан юрмаслиги, иш жойида махсус ҳимоя кийимлари, бош кийим, пойабзал ва бахилалар кийиши лозимлиги келтирилган.
Изоҳ (0)