Ўзбекистонлик 30 нафар мигрант Москвадаги кафелардан бирига ҳужум қилгани тўғрисида хабар берилганди. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳолатга муносабат билдириб, ҳужум қилганлар орасида ўзбекистонликлар йўқлигини маълум қилди.
Дастлабки ўрганишлардан маълум бўлишича, 11 май кунига ўтар кечаси тиббий ниқобдаги 25 нафарга яқин фуқаро Вешняковская кўчасида жойлашган “Монро” кафесига кириб, унинг мулкига зарар етказа бошлаган. Шундан сўнг, кафе ходимларига ҳам ҳужум қилган.
Воқеадан бир неча соат ўтгач, гумонланувчиларнинг бир гуруҳи Подольск ва Коммунарк ҳудудларида ҳибсга олинган.
Шунингдек, мазкур воқеадан бир неча кун олдин ушбу кафе ходимлари ва мижозлар ўртасида юзага келган зиддият оқибатида кафе мулкига етказилган зарар учун 30 минг рубль товон пули ундирилган.
“Вешняки тумани ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига кўра, мазкур воқеа гумонланувчилари ўртасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ”, — дейилади хабарда.
Бундан олдин Россияда 10 ойлик чақалоғини тириклай кўммоқчи бўлган ўзбекистонлик аёл қўлга олингани, Россияда Ўзбекистон фуқароси вояга етмаган қизларга жинсий зўравонлик қилиб келгани аниқлангани, Москвада ўзбекистонлик мигрантлар иштирокида муштлашув содир бўлгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)