Беларусь чегарачилари мамлакатга учиб ўтаётган Украина дронини тутиб олди. Бу ҳақда Беларусь Давлат чегара қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Баёнотга кўра, 8 февраль куни Столин шаҳрида чегарачилар Украинадан Беларусга учиб ўтаётган дронни аниқлаган. Воқеа жойида патруллик қилаётган отряд электрон қуролдан фойдаланган ва дронни туширган.
Беларусь чегара қўмитаси дроннинг хотира картасида сақланган видеоёзувларни ўрганиб чиққанини таъкидлади. Чегарачилар дрон Украина ҳудудидан разведка мақсадида учирилгани, қурилма “чегарани қўриқлашнинг техник воситалари”ни ўрганиш учун юборилганини айтмоқда. Полиция воқеа юзасидан суриштирув ишларини бошлаган.
Таъкидланишича, чегарачилар Аутел EVO II фуқаролик квадрокоптерини уриб туширган — бундай дрондан Қуролли кучлар, Украина Хавфсизлик хизмати ва Давлат чегараси хизмати фойдаланади. Бундай моделларнинг парвоз масофаси 25 километрдан ошмайди.
2022 йил 29 декабрь куни Беларусь ҳудудига Украинадан С-300 комплексининг ракетаси қулаб тушганди. Беларусь ўз ҳудудига ракета келиб тушиши Украина провокацияси бўлиши мумкинлигини айтганди. Кремл Украина ракетасининг Беларусда қулашига муносабат билдирган. Украина Мудофаа вазирлиги ракета қулаши ҳолатларини чуқур ўрганиш учун мустақил экспертларни Беларусь юборишга тайёр эканини маълум қилган.
Изоҳ (0)