Украина Курск атом электр станцияси ва «Турк оқими» газ қувуридаги терактларга алоқадор эмас, деди мамлакат президенти офиси раҳбарининг маслаҳатчиси Михаил Подоляк. Россия президенти Владимир Путин Украинани ушбу иншоотларга ҳужумда айблаган эди.
«Албатта, мен фантастик китоблар ўқиб туриш тарафдориман, лекин фикримча, Путин айтаётган гапларнинг ҳаммаси қандайдир ғалати тусга эга», — деди Подоляк.
Унинг сўзларига кўра, Путиндан бошқа ҳеч ким Курск АЭС ёки «Турк оқими»даги терактлар ҳақида эшитмаган.
«Бир киши чиқади ва далил-исботсиз нимадир дейди. Ҳеч қандай «Турк оқимлари» ҳам, Курск АЭС ҳам бўлмаган. Булар мутлақо эртак, Путиннинг бобоси айтган эртаклар, у улардан ўз ҳаракатларини оқлаш учун фойдаланмоқда», — деди Подоляк.
Россия расмийлари Қрим кўпригидаги портлашда ҳам Украинани айблаган. Подолякнинг сўзларига кўра, Украина шаҳарлари марказлари ва тинч аҳоли кластерларига қилинган ҳужумлар билан солиштирганда Қрим кўпригига қилинган ҳужумни теракт деб аташ янада ғалати.
Изоҳ (0)