АҚШ Украинага ёрдам беришда давом этади, шу жумладан, илғор ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимларини ўз ичига олувчи ҳарбий кўмак тақдим этишни тўхтатмайди. Бу ҳақда Америка президенти Жо Байден Украина етакчиси Владимир Зеленский билан суҳбат чоғида маълум қилди.
«Президент Байден Украинага ўз-ўзини мудофаа қилиш учун зарур бўлган кўмакни, шу жумладан, ҳаво ҳужумига қарши илғор тизимларни етказиб беришда давом этишга ваъда берди», — дейилади Оқ уй сайтига жойланган хабарда.
Шунингдек, Байден Россия кучлари Украина ҳудудларига берган ракета зарбаларини қоралаб, ҳалок бўлганлар ва жабрланганларга ҳамдардлик билдирди.
АҚШ Россия ҳарбий операцияси бошланишидан аввалроқ ҳам Украинага қурол-яроғ етказиб берарди, жанговар ҳаракатлар старт олгач, уларнинг сони ошди. Айни вақтда, Вашингтон низо иштирокчисига айланишни истамаслигини кўп бора таъкидлаган ва томонларни вазиятни тинч йўл билан тартибга солишга чақирган.
Россия ҳукумати, ўз навбатида, АҚШ Украинага қурол етказиб бериш орқали низо томонларидан бирига айланди, деб ҳисоблайди. Россия ТИВ Киевга узоқ масофали ёки кучлироқ қурол-яроғлар етказиб берилиши Москва учун қизил чизиққа айланишини қайд этганди.
Байден май ойида Украинага Россия ҳудудига етиб боришга қодир ракеталар берилишини истисно қилди. Аммо Киев Вашингтондан уни етказиб беришни сўрашда давом этмоқда.
Аввалроқ Пентагон Украина HIMARS ёрдамида Қримдаги нишонларга ҳужум қилишга қодирлигини айтганди.
Изоҳ (0)