Швеция расмийлари «Шимолий оқим» тизимидаги газ қувурларида содир бўлган портлашлар бўйича терговнинг дастлабки натижаларини Россия билан баҳам кўрмайди. Швеция бош вазири Магдалена Андерссон тергов натижалари махфий эканини айтди, деб ёзади Meduza.
Ўтган ҳафта Россия Швецияга тергов натижаларини бўлишиш талаби билан мактуб йўллаган эди. Швеция бош вазирининг сўзларига кўра, ҳукумат Россия мактубига жавоб бериш устида ишламоқда.
«Бу бизнинг ҳудудимизда эмас, Швециянинг иқтисодий зонасида содир бўлди, шунинг учун бу бизнинг мамлакатимизга қилинган ҳужум эмас. Лекин бу жиддий масала, айниқса кескин хавфсизлик сиёсати фонида. Афсуски, бошқа шунга ўхшаш ҳодисаларга ҳам тайёр туришимиз зарур», — деди Магдалена Андерссон.
6 октябрь куни Швеция полицияси «Шимолий оқим-1» ва «Шимолий оқим-2» газ қувурларида сентябрь охирида юз берган сизиб чиқишлар бўйича терговнинг бориши ҳақида ҳисобот эълон қилган эди. Полиция қувурларда портлашлар бўлганини тасдиқлаган.