Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

19 сентябрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан Чарли Чаплиннинг АҚШга кириши тақиқланиши, Мексика тарихидаги энг вайронкор зилзилалардан бири ва Таиландда давлат тўнтаришига оид фактлар ўрин олган.

Қувғинди қаҳрамон: АҚШга кишига рухсат берилмаган Чарли Чаплин

АҚШда Иккинчи жаҳон урушидан кейинги йиллар нафақат «Америка орзуси» гуллаб-яшнаган, балки «маккартизм» — коммунистик томонга бевосита ёки билвосита мойиллик билдирган фуқароларни қувиб юбориш даври бўлган. 1952 йилнинг 19 сентябрида АҚШ Иммиграция хизмати актёр Чарли Чаплиннинг мамлакатга киришини тақиқлаб қўяди.

Фото: AP Photo

1920 йиллар бошида овозсиз кино афсонаси Чарли Чаплин ақл бовар қилмас карьерани қуради — бирорта тўлиқ метражли кинода суратга тушмаган Чаплин 1917 йилда 1 миллион долларлик шартнома тузиб, дунёдаги энг кўп ҳақ оладиган актёрга айланади. 1919 йилда эса Дуглас Ференбеск, Мери Пикфор ва Дэвид У.Гриффит билан United Artists кинокомпаниясига асос солади.

Унинг машҳурлиги ва жамиятдаги мавқейи ортиб бориши билан махсус хизматларнинг ҳам унга қизиқиши пайдо бўла бошлаган. Федерал қидирув бюросига 1908 йилда одам савдоси ва контрабанда билан боғлиқ хавфли жиноятчиларни ушлаш мақсадида асос солинган эди. Бироқ бюро тепасига 1924 йилда Жон Эдгар Гувернинг келиши билан идоранинг ваколатлари сезиларли даражада кенгайган.

Хусусан, у кинематография ҳамжамиятида коммунистларга мойиллиги ҳақида гап-сўзлар юрадиган барча машҳур актёрларни кузатиш бўйича топшириқ берган. Экранда «қизил» қадриятларни тарғибот қилувчи биргина дайди инсон образининг яратилиши ҳам уларда шубҳа уйғотган. Шахсий суҳбатларда Чаплин миш-мишларни фақат тасдиқлаган.

Унинг ҳамкасби Бастер Китон ўз хотираларида 1920 йилда Чаплин билан уйида пиво ичиб ўтириб, «коммунизм» дея аталган янгиликдан ҳайратга тушганини ёзган. Актёр янги ғоя қашошқликка барҳам беришига ва «барчасини ўзгартиришига» ишонган.

«Ҳар бир боланинг етарлича овқатли, оёғида пойабзали ва бошпанаси бўлишини истайман», — деган Чаплин столни муштлаб.

Иккинчи жаҳон уруши бошида Чаплиннинг сиёсий кайфияти анча радикаллашган. Икки йил давомида у Адолф Гитлер сатира қилинган «Буюк диктатор» фильми устида ишлаган. Урушга қарши комедия бир зумда бутун дунёга машҳурликка эришган, бир қатор мамлакатда цензура туфайли тақиқланган, актёрнинг боши узра «қора булутлар» пайдо бўла бошлаган.

Фото: «Afisha.ru»

ФҚБ ходимлари Чаплинни бир зумга ҳам кўздан қочирмас эди ва актёр Лос-Анжелесга кўчириб ўтказган актриса Жоан Баррининг унга қарши суд даъвосидан ўз мақсадларида фойдаланган. Барри актёрни ўзининг фарзандини отаси деб атаган, Гувернинг агентлари эса уни аёлларнинг чегарани кесиб ўтишини тақиқловчи қонунни бузишда айблаган.

Суд Чаплиннинг оталигини тан олиб, қолган барча айбловларни рад этган. Шунга қарамай, унинг номи атрофидаги можаролар юлдузнинг АҚШдаги позициясини кучсизлантирган. Чаплинга қарши бошланган кампания овозли кинонинг кириб келиши билан ўз натижаларини кўрсата бошлаган.

1947 йилда суратга олинган «Мсе Верду» картинасида актёр эски кўча дайдиси персонажидан бутунлай воз кечган ва у АҚШда томошабинлар ҳамда танқидчилар томонидан совуқ кутиб олинган. Фильмдаги капитализмга қарши билдирилган фикрлар вазиятни янада чигаллаштирган.

Фото: Радионван

Кўчилик Чаплин ҳеч қачон Америка фуқароси бўлмагани ҳақида гапира бошлаган, уни депортация қилиш талаблари тобора кўпайган. Шу билан бирга, унинг янги ишлари Европада муваффақият қозонган ва у «Рампа оловлари» янги фильми премьераси учун Лондонга йўл олган.

АҚШни тарк этиш вақтида у мамлакатга бошқа қайтмаслиги ҳақида ҳазиллашган. Учиб кетганининг эртаси куни, 1952 йилнинг 19 сентябрда унинг қайта мамлакатга кириши тақиқланган. Иммиграция хизмати вакиллари визасини қайта тиклаши учун у қатор сиёсий айбловлар қўйилгани боис Иммиграция департаменти комиссияси сўроғига келиши кераклигини айтган.

Чаплин Европада қолишга қарор қилади ва Швейцарияга кўчиб ўтади. Шундан сўнг у АҚШга фақат бир марта қайтган — 1972 йилда Чаплиннинг мамлакатга қисқа муддатга кириши учун виза берилган. Ўша йили унга Америка киноакадемияси томонидан фахрий «Оскар» мукофоти топширилган.

АҚШда маккартизмдан жуда кўплаб инсонлар, жумладан, Голливуд юлдузларидан тортиб, адабиётчиларгача жабр кўрган. Чаплин ўнлаб шундай инсонларнинг бири эди. «Голливуднинг қора рўйхати»га Длатон Трамбо, Жон Хоуард Лоусон, Жюл Дассен, Леонард Бернстайн ва бошқа кўплаб таниқлик актёрлар ҳам киритилган.

Вайрон бўлган шаҳар: Мехикодаги зилзилага 37 йил тўлди

Бундан 37 йил олдин Америка тарихидаги энг вайронкор зилзилалардан бири рўй берганди — Мехикони ларзага келтирган ер ости силкинишлари оқибатида 10 минг киши ҳалок бўлган. Шунингдек, 30 минг киши жиддий жароҳат олган. Рихтер шкаласи бўйича 8,1 магнитудали зилзила 19 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 07:18 да содир бўлган.

Вайрон бўлган Мехико, 1985 йил 19 сентябрь

Вайрон бўлган Мехико, 1985 йил 19 сентябрь
Фото: AP Photo

Маълумотларга кўра, зилзила Кокос тектоник плиталарининг кенг кўламли ёрилиши натижасида юзага келган. Асосий зарба Мехиконинг ўртаҳол аҳолиси истиқомат қилган ва кўплаб саноат корхоналари жойлашган марказий ҳамда шимолий туманлари ҳисобига тўғри келган.

Мехикода 15 дан 25 қаватгача бўлган бирорта бино омон қолмаган. Экспертларнинг фикрича, шаҳарни қуришда муҳандислар сейсмик барқарорлик ҳақида умуман ўйламаган — натижада зилзилада уйлар деярли бир хил силкинган, натижада тебранишларнинг резонанс кучланиши 70-80 баробарга ошган. Мамлакат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, табиий офат оқибатида 412 та бино вайрон бўлган, 3000 дан ортиғига шикаст етган, 100 метрли телеминора қулаган. Етказилган зарар 8 миллиард 250 миллион долларни ташкил этади, 900 минг киши бошпанасиз қолган.

Фожиа асоратлари узоқ вақтга қадар сақланиб қолган — омон қолганларни қутқариш ва вайроналар остидаги жасадларни чиқариб олиш октябрь ойига қадар давом этган, тозалаш ишлари эса орадан 10 йил ўтгач якунланган. 2017 йилда ҳам Мехикода 37 йил олдинги зилзила оқибатида жабрланганлар яшаётган лагерларни топиш мумкин эди. Ҳозирда ҳар 19 сентябрь куни нафақат Мехикодаги, балки бутун мамлакатдаги барча жамоат биноларида эвакуация машғулотлари ўтказиб келинади.

Зилзиладан кейинги қутқарув ишлари, 22 сентябрь

Зилзиладан кейинги қутқарув ишлари, 22 сентябрь
Фото: AP Photo

Мехикодаги зилзила оқибатлари

Мехикодаги зилзила оқибатлари
Фото: AP Photo

Вайронкор зилзиладан кейинги қутқарув ишлари, 25 сентябрь

Вайронкор зилзиладан кейинги қутқарув ишлари, 25 сентябрь
Фото: AP Photo

Калифорния технология институти сейсмологи доктор Кейт Хаттон Мехикодаги сейсмик фаоллик диаграммасини намойиш этмоқда

Калифорния технология институти сейсмологи доктор Кейт Хаттон Мехикодаги сейсмик фаоллик диаграммасини намойиш этмоқда
Фото: AP Photo

Мехикодаги 19 сентябрда юз берган зилзила оқибатлари

Мехикодаги 19 сентябрда юз берган зилзила оқибатлари
Фото: AP Photo

АҚШ биринчи хоними Нэнси Рейган вайрон бўлган Мехикони кўздан кечирмоқда, 23 сентябрь

АҚШ биринчи хоними Нэнси Рейган вайрон бўлган Мехикони кўздан кечирмоқда, 23 сентябрь
Фото: AP Photo

 

 

 

 

 

 

 

 

Сегуро Соcиал бейсбол стадионидаги вақтинчалик морг, 22 сентябрь

Сегуро Соcиал бейсбол стадионидаги вақтинчалик морг, 22 сентябрь
Фото: AP Photo

Таиландда давлат тўнтариши

2006 йилнинг 19 сентябрь кечаси Таиландда ҳарбий тўнтариш рўй берди — бу 1932 йилдан буён мамлакат тарихида рўй берган 12-тўнтариш эди. Исёнга бошчилик қилган Қуруқликдаги қўшинлар қўмондони генерал Сонтхи Буняратглин телевидение орқали мамлакат халқига йўллаган мурожаатида тўнтариш Таиландни бирлаштириш учун зарурлигини таъкидлаган. Шу билан бирга, у ҳарбийлар ҳокимият тепасида қолишни истамаслигини қўшимча қилган.

Фото: Wikiwand

Исён қон тўкилишларсиз ўтган — ҳалок бўлганлар ва жароҳат олганлар йўқ. Маҳаллий ахборот агентликларнинг маълумотларига кўра, вазият жадал тус олган. Кечга бориб қўшинлар Бангкокнинг ҳукумат даҳаларига элтувчи кўчаларни беркитган. Ҳарбийлар ҳукумат биносини эгаллаган ва полицияни қуролсизлантирган. Бош вазир ўринбосари Читчай Ваннасахит ва мудофаа вазири Таммарак Исарагура ҳибсга олинган. Қўшинлар телевидениеда ҳам назорат ўрнатган. Ҳарбийлар қирол Пумипон Адулядетга содиқлигини билдириб, мамлакатни бошқарувчи орган — Маъмурий ислоҳотлар кенгашини тузишини маълум қилган.

Фото: AP Photo

Бутун мамлакат бўйлаб ҳарбий ҳолат қонунлари амалга киритилган. Конституция фаолияти тўхтатилган. Ҳарбийлар қўшни давлатлар билан чегаралар ёпилганини эълон қилиб, ОАВ ишини чеклаган ва беш кишидан ортиқ одамнинг бир жойда тўпланишини, барча оммавий йиғинлар, сиёсий партиялар фаолияти тақиқланган.

Бу вақтда Таиланд бош вазири Таксин Chinaват Нью-Йоркда БМТ Бош ассамблеясининг сессиясида иштирок этаётган бўлган. Chinaват мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилиб, армияни қонун доирасида иш кўришга чақирган. Бироқ унинг Таиланд халқига телевидение орқали йўллаган мурожаати трансляцияси узиб қўйилган.

Фото: Reuters

Таксин Chinaват 2006 йилнинг 4 апрелида навбатдан ташқари парламент сайловлари натижасига қарши ўтказилган оммавий норозилик намойишлари сабаб расман бош вазирлик ваколатларини топширган эди. Мухолифат сайловларга бойкот қўйган, натижада бош вазирнинг «Тай рак тай» партияси ғалаба қозонган. Аммо ҳукуматни шакллантириш имконсиз эди ва октябрь ўрталарида янги парламент сайловлари ўтказилиши керак бўлган.

21 сентябрь куни ҳукуматдан четлатилган бош вазир Таксин Chinaван Лондондан туриб мамлакатда тез орада сайловлар ўтказилишини маълум қилган. Шу билан бирга, у сиёсатдан дам олмоқчилигини билдирган.

1 октябрь куни Таиландга янги бош вазир тайинланган — мамлакат армиясининг собиқ қўмондони 63 ёшли генерал Сураюд Чуланонт. Унинг номзоди ҳарбий хунта етакчиси, Маъмурий ислоҳотлар кенгаши раҳбари генерал Сонти Бооняратлин томонидан илгари сурилган. Чуланонт ҳарбийлар орасида катта обрўга эга бўлган. сўнгги йилларда у Таиланд қироли ҳузуридаги махфий кенгаш аъзоси сифатида фаолият юритган.

Фото: Wikiwand

Таиланд қироли Адулядет бир вақтнинг ўзида мамлакатда асосий қонун ўрнига вақтинчалик конституция жорий этилишини эълон қилган. Қиролга ҳужжат лойиҳасини исёнчилар тақдим этган. Унга кўра, ҳокимият Маъмурий ислоҳотлар кенгашидан ҳукуматга берилади, кенгаш эса Миллий хавфсизлик кенгашига айлантирилади ва бош вазирга ҳисобдор бўлади.

2006 йилнинг 8 октябрида Таиланднинг вақтинча бош вазири истеъфодаги генерал Сураюд Чуланонт қирол Пумипон Адулядетга янги конституция қабул қилингунга ва 2007 йилнинг октябрида парламент сайловлари ўтказилгунга қадар мамлакатни бошқарувчи вақтинча ҳукумати рўйхатини топширган. Ҳукумат ҳокимиятдан ағдарилган бош вазир Таксин Chinaватнинг иқтисодиётни ривожлантириш ва миллатлараро муносабатларни яхшилаш борасидаги хатоларини тўғрилаши керак эди.

«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.

Изоҳ
Асосий янгиликлар