Украинанинг Россия кучлари назоратидаги Запорожье атом электр станцияси яна украин энергетика тизимидан электр энергияси олишни бошлади. Бу ҳақда Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) маълум қилди.
Муҳандислар Запорожье АЭСни Украинанинг Киев назоратидаги ҳудуди билан боғловчи тўртта асосий электр узатиш линияларидан бирини таъмирлаган. Яна учта асосий линия ўчган ҳолда қолмоқда.
«ЗАЭСнинг барча олтита реактори ишдан тўхтаган, бироқ хавфсизликни таъминлаш учун барибир уларга электр энергияси зарур. 5 сентябрдан буён станция маиший, завод ва бошқа истеъмолчиларга электр энергияси етказиб бермаяпти», — дейилади МАГАТЭ хабарида.
Запорожье АЭС Европадаги энг йирик атом электр станциясидир. Август ойида у мунтазам равишда ўққа тутила бошланди, бунда Россия ва Украина бир-бирини айблади.
1 сентябрь куни МАГАТЭ миссияси Запорожье АЭСга келди. Агентлик станциянинг ўққа тутилиши Украина учун ҳам, қўшни давлатлар учун ҳам жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган мисли кўрилмаган ҳолат эканини таъкидлаб, атом электр станцияси атрофида зудлик билан хавфсиз ҳудуд яратишга чақирди.
Станция 6 сентябрь куни ишлашдан тўлиқ тўхтади. Унинг сўнгги энергоблоки ҳам ўчирилди ва совуқ ҳолатга ўтишга тайёрлана бошлади.
Изоҳ (0)