Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Президент томонидан «Энергия тежайдиган технологияларни жорий қилиш ва кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармон имзоланди. Унга кўра,  қуёш ва шамол электр станцияларини харид қилганлик учун компенсация тўланади.

2022 йил 1 октябрдан бошлаб:

  • жисмоний шахслар мамлакатда ишлаб чиқарилган қуёш ва шамол электр станциялари ва қуёш сув иситгичларини 3 йил мобайнида фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаган ҳолда сотиб олишлари мумкин;
  • шунга ўхшаш қурилмаларни ўрнатган ва уларнинг қийматини тўлиқ тўлаган шахслар харажатларининг бир қисми Энергетика вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергия тежаш жамғармаси ҳисобидан қопланади. Компенсация миқдори қурилманинг қувватидан келиб чиққан ҳолда БҲМнинг 5 бараваридан 50 бараварини ташкил этади.
Маълумот учун, ушбу мақсадлар учун 2022 йил якунига қадар давлат бюджетидан ушбу жамғармага 100 млрд сўм йўналтириш топширилган.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан, шунингдек, маҳаллий чакана савдо объектларида, шу жумладан, электрон тижорат орқали қурилмаларни етказиб берадиган ва ўрнатадиган корхоналардан қурилмалар сотиб олинганида бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади ёки якуний чакана нархдан компенсация миқдори чегириб ташланади.

Шунингдек:

  • ҳудудлардаги 34 мингдан ортиқ объектда, шу жумладан, 619 та «Янги Ўзбекистон» массивида ва вилоятлардаги 28 мингдан ортиқ уй хўжалигида муқобил энергия манбаларини жорий етиш;
  • вазирликлар ва идоралар таркибидаги 6 мингдан ортиқ объектда муқобил энергия манбалари улушини 30 фоизга етказиш (2023 йил якунлари бўйича);
  • «темир дафтар»га киритилган оилаларни маҳаллий бюджетлар ҳисобидан қайта тикланувчи энергия қурилмалари билан таъминлаш (2022 йилда эҳтиёжманд оилаларнинг 20 фоиз, 2023 йилда 80 фоиз);
  • қурилмалар эгалари (жисмоний ва юридик шахслар) томонидан қуввати 1 МВтгача бўлган қуёш, шамол ва биогаз электр станцияларида ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергиясини сотиш имконияти (фақат «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва давлат томонидан ваколат берилган органга бундай энергияни сотиб олишга рухсат берилган, бунда электр энергиясини харид қилиш камида ўн йил муддат давомида амалга оширилади);
  • асосий фаолияти қуёш, шамол электр станциялари ва кичик ГЭС ишлаб чиқариш ва ўрнатиш бўлган юридик шахслар, шу жумладан. 2025 йилгача ташкил этилган янги юридик шахслар тадбиркорлик субъектлари сифатида рўйхатдан ўтган кундан бошлаб 3 йил давомида фойда солиғи ва мол-мулк солиғини белгиланган ставкаларнинг 50 фоизи миқдорида тўлайди.
Бундан ташқари, 2023 йил 1 январдан бошлаб:
  • маҳаллий иссиқлик таъминоти тизимларига уланган барча (давлат ва хусусий) янги ва реконструкция қилинган ижтимоий объектларни, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш объектларини, кўп қаватли уйларни, шунингдек, майдони 1000 квадрат метрдан ортиқ бўлган барча савдо марказларини лойиҳалаштириш ва ишга туширишда иссиқ сув ҳажмининг камида 25 фоизи қуёш сув иситиш қурилмаларини ўрнатиш орқали қопланишини таъминлаш лозим;
  • лойиҳа ҳужжатларида қайта тикланувчи энергия қурилмаларини ўрнатиш кўзда тутилмаган ҳолда қурилиш ишларини бошлаш тақиқланади;
  • иссиқ сувдан фойдаланиш режалаштирилган, бироқ қуёш сув иситиш қурилмалари ўрнатилиши назарда тутилмаган янги бино ва иншоотларни (якка тартибдаги уй-жой бундан мустасно) фойдаланишга қабул қилиш тақиқланади;
  • энергия тежайдиган ва қайта тикланадиган энергия манбаларининг жорий этилиши ижтимоий соҳа вакиллари ва бошқа бюджет ташкилотлари раҳбарлари ва ходимларининг KPI ни шакллантиришда ҳисобга олинади.

Изоҳ
Асосий янгиликлар