Британияда иш ҳақи ва меҳнат шароитлари бўйича узоқ давом этган баҳс доирасида ўн минглаб транспорт ходимлари тўрт кунлик иш ташлашни бошлади. Бу ҳақда Sky News хабар бермоқда.
Намойишларда Темир йўл ва денгиз транспорти касаба уюшмаси (RМТ), Транспорт ходимлари ассоциацияси (TSSA) ва Unite касаба уюшмаси аъзолари иштирок этмоқда.
Қайд этилишича, яқин кунларда поезд, метрополитен ва автобус йўловчилари муаммоларга дуч келади.
Хусусан, 18- ва 20 август кунлари темир йўл ҳаракати 80 фоизга қисқаради: линияларнинг ярми ёпилади. 19 август куни эса Лондон метроси ишида ва автобус йўналишларида узилишлар бўлиши кутилмоқда.
Намойишлар 21 август куни эрталаб поездлар ҳаракатига ҳам таъсир қилиши кутилмоқда.
Британиядаги транспорт касаба уюшмалари мажбурий ишдан бўшатмаслик, иш ҳақини ошириш ва меҳнат шароитларини бир томонлама ўзгартирмаслик кафолатларини олишга интилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Буюк Британияда транспорт ходимларининг аввалги йирик иш ташлаши 27 июль куни бўлиб ўтганди. Ўшанда 40 минг киши кўчага чиққан.
Изоҳ (0)