Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

«Дарё» «Oilakredit.uz» платформаси орқали ажратиладиган кредитлар бўйича ўзгаришларга тўхталди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Кредит миқдори ва фоиз ставкаси қанча?

Кредитлар йиллик 14 фоиз ставкада жисмоний шахсларга 33 млн сўмгача, кичик тадбиркорлик субъектларига 225 млн сўмгача, тадбиркорлик субъектларининг инвестициявий лойиҳаларини кредитлашда 225 млн сўмдан ортиқ миқдорда ажратилади.

Кредит қанча муддатга берилади?

  • 3 ойдан 6 ойгача бўлган имтиёзли давр билан 3 йилгача бўлган муддатга – оилавий тадбиркорлик, даромад топишга қаратилган маълум меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ва фаолият турини кенгайтириш мақсадида;
  • 1 йилгача имтиёзли давр билан 3 йилгача бўлган муддатга – чорвачилик, балиқчилик ва паррандачилик учун;
  • 1 йилгача имтиёзли давр билан 5 йилгача муддатга – оилавий меҳмон уйлари, хостеллар, экоуйлар мажмуаси, ўтов лагерлари мажмуаси, автокемпинглар, контейнер шаҳарчалар ва чодирли лагерлар ташкил этиш ва уларни таъмирлаш учун;
  • 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача бўлган муддатга – боғдорчилик, узумчилик ва лимончиликни ташкил этиш, иссиқхона, қишлоқ хўжалиги техникаси ва асбоб-ускуналарни харид қилиш учун;
  • 3 йилгача муддатга – «Ҳунарманд» уюшмаси аъзоларига ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмлар харид қилиш, ҳунармандчиликни ривожлантириш марказлари ва бошқалар учун ажратилади.

Кредит учун таъминот керакми?

Таъминот сифатида:

  • 33 млн сўмгача – жисмоний шахсларга ҳоким ёрдамчисининг тавсияси;
  • 225 млн сўмгача – ҳоким ёрдамчисининг тавсиялари асосида учинчи шахс кафиллиги, суғурта полислари, мол-мулклар гарови ва бошқалар;
  • 225 млн сўмдан ортиқ миқдорда — ҳоким ёрдамчисининг тавсияларига мувофиқ тадбиркорлик субектларининг инвестисиявий лойиҳаларини кредитлашда қонун ҳужжатлари доирасида белгиланган таъминот турларига асосан ажратилади.

Ҳоким ёрдамчиси қарз олувчининг аризасига асосан унинг обектига чиққан ҳолда фаолият тури бўйича шарт-шароитлар, имконият ҳамда етарли кўникма мавжудлигини ўрганади.

Шундан сўнг кредит ажратиш учун тавсиянома ёки уни рад этиш тўғрисидаги хулосани беш иш куни мобайнида Ягона электрон платформага жойлаштиради.

Кредитлар қайси банклар томонидан ажратилади?

Кредитлар Агробанк, Халқ банки ва Микрокредитбанк томонидан ажратилади.

Кредитни уйдан чиқмасдан туриб қандай олиш мумкин?

Oilakredit.uz платформаси орқали кредитни қуйидаги тартибда масофадан туриб олиш мумкин:

Кредит ажратиш тўғрисидаги онлайн ариза тўлдирилади ва масофадан имзоланади. Киритилган маълумотлар ва ахборотлар базасига асосланиб, скоринг жараёни ўтказилади.

Ижобий скоринг натижаларидан сўнг, маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчисининг ижобий тавсияномаси ёки кредит ажратишни рад этиш тўғрисидаги хулосаси электрон тарзда тақдим этилади.

Маркетплейс (электрон дўкон) орқали таъминотчи билан қарз олувчи томонидан эркин ва мустақил равишда электрон шартнома тузилади.

 

Маркетплейс тизими орқали таъминотчи томонидан маҳсулот етказиб берилгани тўғрисидаги электрон ҳисоб-фактура шакллантирилади.

Хизмат кўрсатувчи банк билан аризачи ўртасидаги кредит ажратиш тўғрисидаги шартнома электрон шаклда тузилади ва имзоланади.

Маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчисининг маҳсулот етказиб берилганлиги тўғрисидаги мониторинг далолатномаси расмийлаштирилади.

Ҳар бир босқичдаги тегишли ҳужжатлар қарз олувчи, банк, таъминотчи, ва ҳоким ёрдамчиси томонидан Электрон рақамли имзо калити билан имзоланади.

Тасдиқланганидан сўнг кредит маблағлари ҳисобидан пуллар таъминотчининг ҳисобварағига кўчириб берилади.

 

Электрон рақамли имзо калитини e-imzo.uz дан олиш мумкин.

Қуйидаги ҳолларда тавсияномалар берилмайди:

  • лойиҳани амалга ошириш учун қарз олувчида шарт-шароит бўлмаганда;
  • етакчи тадбиркорлик субектлари ва «Томорқа хизмати» билан кооперация асосида ишлаётган фуқароларга;
  • мавсумга хос бўлмаган тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга;
  • ариза берувчи номидан бошқа фуқаро кредит олишни мақсад қилгани аниқланганда;
  • қонунчиликка зид бўлган фаолият амалга оширилиши аниқланганда.

Ягона электрон платформа орқали ариза юборилгандан сўнг у бир кун муддатда скоринг баҳолаш жараёнидан ўтказилади.

Қуйидаги ҳолларда ариза тизим томонидан скоринг маълумотлари асосида автоматик равишда рад этилади:

  • қарз олувчининг олдин юборган аризаси кўриб чиқиш жараёнида бўлганда;
  • 18 ёшга тўлмаган фуқаро номидан ариза берилганда;
  • Ўзбекистон фуқароси бўлмаган шахсларга;
  • муомала лаёқати чекланган ёки меҳнатга лаёқатсиз фуқаро номидан ариза берилганда;
  • дастур доирасида тўлиқ қайтарилмаган кредит мавжуд бўлганда;
  • банк кредитлари бўйича муддати ўтган қарздорлик мавжуд бўлганда;
  • аввал ажратилган кредитлардан мақсадсиз фойдаланилганда;
  • салбий кредит тарихига эга бўлганда;
  • солиқ органлари, мажбурий ижро бюроси органлари ва бошқа тўловлардан қарздорлиги мавжуд бўлганда.

Мақолада «Банк xizmati.uz» сайтининг маълумотидан фойдаланилган

Изоҳ
Асосий янгиликлар