Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Байден Украинага қурол етказиб беришни соддалаштириш учун мўлжалланган ленд-лиз тўғрисидаги қонунни имзолади. 

Фото: Bloomberg

Фото: Bloomberg

АҚШ қонунчилари иттифоқчиларга узоқ муддатли кредитлар ёки ҳарбий техникани ижарага беришга рухсат берувчи Иккинчи жаҳон уруши қонунини қайта тикламоқда. 

Қонун АҚШ президентига 2022- ва 2023-молия йиллари учун мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун мудофаа активларини вақтинча фойдаланиш ёки ижарага бериш тўғрисида Украина ҳукумати билан шартномалар тузиш бўйича кенгайтирилган ваколатларни беради. 

Шунга ўхшаш қарорлар Америка ҳукумати томонидан Россиянинг Украинадаги уруши таъсир кўрсатган Шарқий Европанинг бошқа мамлакатларига нисбатан қабул қилиниши мумкин.

Тарихий тажриба

Американинг ленд-лиз тўғрисидаги қонуни 1940 йилда натсизмга қарши курашда Франция ва Британия экспедиция кучлари мағлубиятга учраганидан кейин пайдо бўлди. 

1941 йил январь ойида ушбу қонун Президент Франклин Рузвельт томонидан Конгрессга таклиф қилинган. Қонун лойиҳасининг мақсади ссуда ва ижара асосида жанг қилаётган иттифоқчиларга ёрдам бериш эди.

Бунгача Қўшма Штатларда уришаётган давлат билан фақат нақд пул эвазига савдо қилишга рухсат берувчи қонун мавжуд эди.

Рузвельт қонунчиларга ўз таклифини шундай тушунтирди:

Фараз қилайлик, қўшнимнинг уйи ёниб кетди ва менда 15 долларлик боғ шланги бор. Қўшним бунинг ёрдамида ёнғинни ўчира олади. Мен қўшнимга 15 доллар тўлашини айтмаган бўлардим — бу менга керак эмас, ёнғин ўчганида шлангни қайтариб оламан, холос.
Шундай қилиб, 1941 йил март ойида мудофааси Қўшма Штатлар хавфсизлиги учун муҳим деб ҳисобланган мамлакатга ҳар қандай саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини «сотиш, ўтказиш, алмаштириш, ижарага бериш, қарз бериш ёки бошқа йўллар билан етказиб бериш» имконини берувчи ленд-лиз қонуни қабул қилинди. Қонун Рузвельт томонидан имзоланди.

Аввалига қонун фақат Буюк Британия ва Грецияга тегишли эди. Аммо 1941 йил ноябрига келиб, СССР ҳам бу рўйхатга қўшилди.

Танклар бўйича тарихчи Михаил Барятинский Совет Иттифоқи АҚШ, Англия ва Канададан 10 395 танк олганлигини ҳисоблаб чиқди. Натижада, АҚШ ва Буюк Британия томонидан етказиб берилган танкларнинг улуши Совет ишлаб чиқаришининг қарийб 16 фоизини ташкил қилган. 

АҚШ, Буюк Британия ва Канада СССРга 477 785 дона автомобиль етказиб берган — бу ўша пайтда Совет Иттифоқида ишлаб чиқариш сонидан 2,3 баравар кўп. Ускуналардан ташқари, телефон кабеллари ва телефонлар, радиолокацион станциялар, нефть маҳсулотлари, порох, портловчи моддалар ва уларнинг бутловчи қисмлари кенг миқёсда олиб келинган. АҚШ СССРга 610 минг тонна шакар ва 664,6 минг тонна гўшт консервасини топширган.

Уруш йилларида СССР Буюк Британия, АҚШ ва Канададан жами 13 млрд долларга яқин юкларни олди, шундан 11,3 млрд доллари АҚШдан келди.

Шу билан бирга, кредит фоизсиз бўлиб, уруш пайтида йўқ қилинган, йўқолган ёки фойдаланилган ҳарбий техника ва турли материаллар учун тўланмайди. 

Урушдан кейин қолган ва фуқаролик мақсадларида фойдаланиш учун яроқли мол-мулк тўлиқ ёки қисман тўланиши керак эди.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин СССР қарзни тўлаш учун АҚШ билан узоқ музокаралар олиб борди. 

Америкаликлар омон қолган фуқаролик жиҳозлари учун амортизацияни ҳисобга олган ҳолда Совет Иттифоқининг 2,6 млрд доллар қарзи борлигини ҳисоблаб чиқди. 

Кейинчалик бу миқдор икки баравар камайтирилиб, 1,3 млрд долларга етказилган. Бироқ СССР бунга рози бўлмайди. 

Кредитор давлатларни бирлаштирган Париж клубига охирги тўлов 2006 йил 21 августда амалга оширилган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Ҳуқуқ фаоли Нукус воқеаларида гумонланаётганлар қийноққа солинмаганини айтмоқда
Дунё
«Дарё» кундалигида 30 ноябрда содир бўлган энг муҳим воқеалар
Маҳаллий
Контрабанда сигареталар кўпроқ қайси вилоятлар чегараларидан олиб ўтилмоқда? Божхоначи жавоб берди