Самарқанд вилоятида фуқарога ҳокимлик захирасидаги ерни расмийлаштириб бериш учун пул талаб қилган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар қилди.
Қайд этилишича, Самарқанд вилояти ИИБга фуқаро Х. ариза билан мурожаат қилган. У боғдорчилик билан шуғулланиши учун Самарқанд тумани ҳудудидан ер олмоқчи бўлганида Қ.Х. исмли шахс билан танишиб қолганини, у туманнинг «Миронқул» маҳалласи ҳудудида жойлашган ҳокимлик захирасида бўлган 0,40 гектар ер майдонини сотишини ҳамда келгусида туман кадастр бўлимида ишловчи танишлари орқали мазкур ер майдонини унинг номига расмийлаштириб беришини айтганини маълум қилган. Қ.Х. 20 минг доллари миқдоридаги пулларни талаб қилаётганини билдириб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Мазкур аризага асосан, 19 апрель куни Самарқанд вилояти ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими Ер ресурслари талон-тарож қилинишига қарши курашиш бўлинмаси, вилоят прокуратураси Ер ресурслари талон-тарож қилинишини олдини олиш бўлими ҳамда туман прокуратураси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Унда Самарқанд тумани «Охалик» МФЙ ҳудудида Х.Қ. 20 минг доллар миқдоридаги пулларни ариза муаллифидан олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)