Индонезияда 15 июль куни денгизда бедарак йўқолган 11 киши қутқариб қолинди. Уларнинг қайиғи ноқулай об-ҳаво туфайли ағдарилиб кетган ва экипаж энг яқин оролга 6 соат сузиб боришга мажбур бўлган. Бу ҳақда Arab News хабар берди.

Расмийларнинг таъкидлашича, қайиқ Ғарбий Суматра провинциясидаги Ментавай оролларида 14 июль куни соат 11:00 атрофида ҳалокатга учраган. Бортда 18 нафар экипаж бўлган. Ҳодиса содир бўлган вақтда кучли ёмғир ёғаётган эди. Баъзи йўловчилар 6 соат давомида сузиб, энг яқин оролга етиб олган.
“Экипажнинг 7 нафари аввалроқ қутқарилган эди. Бортдагиларнинг 10 таси Туапежат шаҳрига хизмат сафарига борган маҳаллий ҳукумат амалдорлари бўлган” дейилади расмий баёнотда.
Ментавай ороллари 4 та асосий ва бир қанча кичикроқ ороллардан иборат. Қайиқ ва паромлар 17 000 дан ортиқ ороллардан иборат Индонезия архипелагида мунтазам ҳаракатланади. Бу ерда бахтсиз ҳодисалар одатда ноқулай об-ҳаво сабаб юзага келади.
Шу ойда Бали туристик курорт ороли яқинида бортида 65 киши бўлган паром чўкиб кетганди. Экипажнинг 30 нафар йўловчиси омон қолиб, 18 киши ҳалок бўлган. Яна 17 киши бедарак йўқолганди.
Изоҳ (0)