«Ливерпуль» клуби ва Нидерландия терма жамоаси собиқ футболчиси Дирк Кюйт октябрь ойида профессионал боксда ўз дебютини ўтказади.
De Telegraaf’нинг хабарига кўра, Кюйт кикбоксчи Рико Верҳовен томонидан ташкил этиладиган «Hit It» мусобақасида иштирок этади. 41 ёшли собиқ футболчининг рақиби ҳозирча номаълум.
«Албатта, футболдан келганман ва рақобат муҳитини соғиндим. Бу жанг Нидерландия терма жамоасидаги ўйинга ўхшайди: атрофимдагиларнинг эътибори ва ичимдаги босим. Илк бор комфорт ҳудудимдан чиқиш ва бошқа спорт тури билан шуғулланиш мен учун улкан синов бўлади. Бир неча ой давомида қаттиқ машқ қиламан», — дейди Кюйт.
Дирк Кюйт 1998 йилдан 2018 йилгача футболчилик фаолияти билан шуғулланган. Нидерландиялик собиқ ҳужумчи «Утрехт», «Фейеноорд», «Ливерпуль», «Фенербаҳче» каби жамоалар шарафини ҳимоя қилган. 2018 йилдан 2020 йилга қадар «Фейеноорд» U-19 жамоасида бош мураббий лавозимида ишлаган.
Изоҳ (0)