Тошкент шаҳри Яшнобод туманида 18 март куни Латвия—Ўзбекистон қўшма корхонасида ёнғин юзага келгани тўғрисида хабар берилганди. ФВВ матбуот хизматининг маълум қилишича, ёнғин орадан қарийб 7 соат ўтгач ўчирилган.
18 март куни соат 20:45 да Тошкент шаҳар Яшнобод тумани Фарғона йўли кўчасида жойлашган «Ориент логистик центр» қўшма корхонаси ҳудудида жойлашган матор мой маҳсулотлари (бочкаларда) омборида ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида шаҳар ФВБга хабар келиб тушган.
Шунга кўра 10 та ёнғин-қутқарув экипажи, 3 та махсус ва 2 та ёрдамчи техникалар зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, ёнғин соат 21:49 да қуршаб олинган ва 19 март куни соат 03:30 да бартараф этилган.
Ёнғин натижасида омборхонанинг тахминан 2000 квадрат метр майдонида мой маҳсулотлари ёниб зарарланган.
«Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Намангандаги «Чорсу» деҳқон бозорида ёнғин юз бергани, Тошкентдаги хонадонда телефон қувватлаш мосламасидан ёнғин чиққани, Олтиариқдаги массажхонада ёнғин содир бўлгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)