2021 йилнинг август ўрталарида Афғонистонда ҳокимият тепасига «Толибон» келганидан бери мамлакат ҳукуматининг собиқ аъзолари, хавфсизлик хизмати ходимлари ва хорижликлар билан ишлаган 100 нафардан ортиқ фуқаро ўлдирилган. Бу ҳақда БМТ бош котиби Антониу Гутерриш маълум қилди, деб хабар беради Associated Press.
Гутерришнинг сўзларига кўра, «Толибон» собиқ ҳукумат ва коалиция кучларига боғлиқ инсонларга «умумий амнистия» эълон қилганига қарамай, қурбонларнинг камида «учдан икки қисми» толиблар ёки уларга боғлиқ одамлар томонидан судсиз қатл этилган.
Шу билан бирга, Гутерришнинг БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги ҳисоботида келтирилишича, ташкилотнинг Афғонистондаги сиёсий миссияси ИШИДга боғлиқ камида 50 киши судсиз қатл этилгани тўғрисида «ишончли даъволарни» қўлга киритган.
Гутерришнинг қўшимча қилишича, БМТ миссияси, шунингдек, собиқ ҳукумат аъзолари ва коалиция кучлари билан ҳамкорлик қилган инсонларнинг «мажбуран йўқотилиши ҳамда яшаш ва жисмоний дахлсизлик каби бошқа ҳуқуқларининг бузилиши» ҳақида ҳам ишончли маълумотларни олган.
Таъкидланишича, мамлакатда инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва ОАВ ходимларига «ҳужум қилиш, қўрқитиш, таъқиб қилиш, ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш, шафқатсиз муносабатда бўлиш ва ўлдириш» давом этмоқда.
Хабарда қайд этилтштча, фуқаролик жамиятининг саккиз нафар фаоли ўлдирилган — уч нафари «Толибон», уч нафари ИШИД экстемистлари томонидан. Шуниндек, яна 10 нафари толиблар томонидан ҳибсга олинган, калтакланган ва таҳдидларга учраган. Икки нафар журналист ўлдирилган ва яна икки нафарига номаълум қуролланган шахслар томонидан жароҳат етказилган.
Бош котибнинг сўзларига кўра, БМТ миссияси вақтинчалик ҳибсга олиш, калтаклаш ва таҳдид қилиш каби 44 та ҳолатни қайд этган бўлиб, уларнинг 42 таси толиблар иштирокида содир бўлган.
Аввалроқ Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) 2021 йил августда Афғонистонда ҳукумат тепасига «Толибон» келганидан сўнг ярим миллиондан ортиқ одам ишсиз қолганини маълум қилганди. Таъкидланишича, ишсизлик даражасининг бу қадар ортишига аёллар бандлигига қўйилган чекловлар ва кўплаб давлат хизматчиларининг ишдан бўшатилиши, шунингдек, оғир иқтисодий инқироз сабаб бўлмоқда.
Мавзуга доир:
Сентябрь ўрталарида «Толибон» Аёллар масалалари бўйича вазирликни тугатиб, унинг ўрнига Саховатни тарғиб қилиш ва иллатларни йўқотиш вазирлигини тузгани, декабрь ойида Афғонистон миллий армиясини шакллантиришга киришгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)